Осиё чемпионати: 12 нафар боксчимиз финалда
Индонезия пойтахти Жакарта шаҳрида бокс бўйича U19 ва U23 ёш тоифасида давом этаётган Осиё чемпионати ўзининг юқори нуқтасига тобора яқинлашмоқда.
Кеча U23 ёш тоифасида қитъа чемпионатининг ярим финал жанглари ўтказилиб, унда терма жамоамизнинг 17 нафар аъзоси финал йўлланмаси учун рингга кўтарилган эди.
Бугун, 13 июль куни U19 ёш тоифасида ўтказиладиган ярим финал баҳсларида 15 нафар боксчимиз қитъа чемпионлиги йўлидаги жангларда иштирок этади.
U23 ёш тоифасидаги ярим финал жангларида ўз маҳоратини намойиш этган 17 нафар чарм қўлқоп устамизнинг 12 нафари чемпионлик юришини давом эттириш ҳуқуқига эга чиққан бўлса, 5 нафар боксчимиз бронза медали билан кифояланди.

Хусусан, Узукжамол Юнусова(-54), Ойша Тоирова(-75), Фарёзбек Дўсматов(-55), Абдураҳмон Маҳмуджонов(-60) ва Абдулазиз Абдулҳамидов(-75) ўз вазнларида бронза медали билан кифояланди.
Маҳоратли боксчи ёшларимиздан Назокат Мардонова, Гулсевар Ғаниева, Хуморабону Мамажонова, Муштарийбону Иброҳимжонова, Севинч Хуррамова, Райҳона Қурбонбоева, Рухшона Парпиева, Илҳомжон Эргашев, Абдуллоҳ Мадаминов, Фазлиддин Эркинбоев, Норбек Абдуллаев, Самир Собиров ва Озодбек Алиев ярим финалда рақибларидан устунликка эришди ва U23 ёш тоифасида Осиё чемпионлиги учун курашиш имкониятига эга чиқди.
Бугун ўтказиладиган U19 ёш тоифасидаги жуфтликлар:
-54 кг: Сабрина Чакоманова - Фариназ Абдуллоева (Тожикистон)
-60 кг: Севара Маматова - Аяно Мочии (Япония)
-65 кг: Рушанабону Исоева - Аисулу Мухит (Қозоғистон)
-70 кг: Мафтуна Янгиева - Энхгерел Герелмунх (Мўғулистон)
-75 кг: Самира Турғунова - Ким Ле Су (Вьетнам)
-50 кг: Ўткирбек Норқосимов -Котаро Нишизаки (Япония)
-55 кг: Элёр Рустамов - Нуркожа Э (Қозоғистон)
-60 кг: Муҳаммадризо Укимов - Сикандер (Ҳиндистон)
-70 кг: Саидхўжа Саъдиллахўжаев - Бибарис Аширбай (Қозоғистон)
-75 кг: Суҳроб Раҳматуллаев - Ахмади Арваз (Қирғизистон)
-80 кг: Аброрбек Шарипов - Усман Капаров (Қирғизистон)
-85 кг: Сардорбек Баҳромхўжаев - Сагар (Ҳиндистон)
-90 кг: Асадбек Султанбоев - Жалгас Утебеков (Қозоғистон)
+90 кг: Ислам Салихов - Фарис Ал-Тани (Қатар)
Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионати 17 июлга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА