Ҳосил мўл, хирмон юксак бўлади
Шу кунларда далаларимизда деҳқонларимизнинг эрта баҳордан қилган астойдил меҳнати самараси бўй кўрсатмоқда. Сув мўл бўлгани, гармсель шамоллар деярли кузатилмагани туфайли меъёрдаги иссиқликни олган ғўза ниҳоллари баравж ўсмоқда.
Шу кунларда далаларимизда деҳқонларимизнинг эрта баҳордан қилган астойдил меҳнати самараси бўй кўрсатмоқда. Сув мўл бўлгани, гармсель шамоллар деярли кузатилмагани туфайли меъёрдаги иссиқликни олган ғўза ниҳоллари баравж ўсмоқда.Пахтачилик – деҳқончиликнинг энг мураккаб соҳаси. У нафақат чуқур билим ва тажриба, балки заҳматли меҳнат талаб қилишини уста фермерларимиз яхши билади. Бунда мулкдорга муносиб иш шароити яратилгани, ёнилғи-мойлаш материаллари, минерал ўғит ва бошқа воситалар ўз вақтида етказиб берилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигидан маълум қилишларича, барча ҳудудларда суғориш ва культивация тадбирларини юқори сифат ва уюшқоқлик билан ўтказиш, зараркунандаларга қарши курашиш тадбирлари қизғин давом этмоқда. Айни пайтда далаларда 23 минг 800 га яқин культиватор ишлаётир.
Пахтачиликдаги муҳим агротехник тадбирлардан бўлган суғориш ишларини мамлакатимизнинг барча ҳудудларида юқори сифат ва уюшқоқлик билан ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Андижон, Навоий вилоятлари миришкорлари бу борада ибрат кўрсатмоқда.
– Тунги суғоришлар июль ойидаги иссиқ ҳароратда ғўзани ҳосил тўкишдан асраб қолди, – дейди Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг пахтачилик ва техник экинларни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Озод Матёқубов. – «Асад суви – асал суви» деб бежиз айтилмаган. Август ойида ғўзани суғориш кўсак сонини ошириб, тола сифатини яхшилайди. Ушбу тадбирни белгиланган муддатларда, хусусан, тунда амалга ошириш лозим. Суғоришни тупроқнинг механик таркиби, сизот сувлар сатҳи, ўсимлик ҳолати, навларнинг биологик хусусиятига қараб табақалаш мақсадга мувофиқдир.
Ғўза майдонларининг ҳар гектарини 5 тонна атрофида маҳаллий ўғит билан шарбат усулида суғориш самарадорликни янада оширади. Маҳаллий ўғит ғўзага озуқа бериш билан бирга, буғланишни камайтириб, намликни сақлайди. Ўсимлик ривожини тезлаштиради. Ҳарорат юқори бўлган кунларда бундай тадбирнинг аҳамияти катта.
Бу ойда суғориш билан бир қаторда культивациянинг ҳам аҳамияти беқиёс. Шунингдек, бутун ой давомида ҳушёрликни сусайтирмасдан, ҳар икки гектар майдонга биттадан ферамон тутқич ўрнатиб, назоратни кучайтириш зараркунандалар ўчоғини бартараф этишда қўл келади.
Булар ҳосилга ҳосил қўшиш ойи бўлган августдаги ишлар самарадорлигини ошириш, бўлғуси ҳосилнинг чўғи баланд бўлишини таъминлашга хизмат қилади.