Ўшанда онам ўқитувчи бўлишимни истамаган...
Онам ўқитувчи бўлишимни истамаган. Аввалига бу касбнинг “нон”и қаттиқлигини кўп айтарди. Лекин мен онамдай устоз бўлишни, у юрган йўллардан одимлашни истардим. Ўқитувчи сифатидаги биринчи иш куним ҳеч ёдимдан чиқмайди. Ўша воқеага ҳам ўн йилдан ошибди.
...Синфга жимлик чўккан, фақат бурчакка ўрнатилган чўян печда намчил ўтин ёнаолмай пишшиллайди. Қалин кийинган ўқувчилар доскадан вазифаларни кўчирмоқда. Уч ойлик пахта теримида бўлган юқори синф ўқувчилари Янги йил байрами арафасида ҳам ортда қолган дарс соатларини етказиб ололмай ҳалак.
...Эрталаб ҳаммамиз мактаб ҳовлисига тўпланадиган бўлдик. Тушлик учун емак ва чопиқ учун кетмонларимиз эсдан чиқмаслиги уқтирилди. Пахта чопиғи қанча вақт давом этиши ҳақида бирор гап айтилмади.
Онам ўзаро суҳбатларимизда шунга ўхшаш воқеаларни кўп эслайди. Бу каби гурунгларни тинглар эканман, бешинчи синифданоқ пахтага чиққанимиз, ўқитувчилик давримда ҳам ғўза оралаганларимиз, ободонлаштириш ишларига, бизга алоқаси йўқ тадбирларга одам сони учун жалб қилинганимиз хаёлимда гавдаланаверади.
Бугун бу каби “иш”лар ортда қолди, шукр. Ўқитувчининг дарсдан бошқа ташвиши бўлмаса, қандай соз.
Натижа таққос қилинганда янада равшанлашади. Ўзбекистонда сўнгги беш йилда таълим соҳасидаги ислоҳотларни ўтган давр билан таққослайман, натижалардан ғурурланаман.
Зангиота туманида – ўзим ишлаётган 13-умумтаълим мактабида яқин йилларда нималар ўзгарди? Янги ўқув йили остонасида шу савол хаёлимдан ўтмоқда.
Мактабимизда эркак ўқитувчилар сони сўнгги йилларда ортди. Бу мамлакатимизда педагогларга, соҳа ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга эътиборнинг ўсаётгани билан боғлиқ.
Инглиз тилидан дарс бераман, шу билан бирга синф раҳбарлигим ҳам бор. Ўтган йилларда мен қанчадан-қанча қоғозбозликка жалб қилинар эдим. Бугун бюрократиядан тежалган вақтимни ўз устимда ишлашга сарфламоқдаман. Журнал юритиш, кундаликка баҳо қўйиш электронлашаётгани соҳадаги катта ютуқ бўлди.
Қуйи синфларда ўқитган ўқувчиларим 10-11-синфларда ҳам ўзимдан таълим олмоқда. Айтганча, бу йил мактабимиз битирувчиларидан йигирмага яқини олий таълимда ўқишини давом эттиради. Бу олдинги йилларга қараганда бир неча баробар кўп кўрсаткич.
Ўқув йили олдидан мен каби ана шундай хаёлларда юрган ҳамкасбларимга ҳорманг, дейман.
Шаҳзода Жалолова,
инглиз тили фани ўқитувчиси