Ўш шаҳрида Ўзбекистон – Қирғизистон бизнес мулоқоти ўтказилди
Бугун Ўш шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Қирғизистоннинг ҳамкор ташкилотлари ташаббуси билан икки мамлакат тадбиркорлари иштирокида B2B учрашувлари ташкил этилди.
Таъкидланишича, йиғилишда Ўзбекистон Кичик бизнес уюшмаси раиси ўринбосари Музаффархон Мусаев, юртимизнинг Ўш шаҳридаги бош консули Зафарбек Аҳмедов, Ўш шаҳри ҳокими Жанарбек Акаев, шунингдек, икки мамлакатнинг давлат идоралари, бизнес уюшмалари ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.

З.Аҳмедов ўз нутқида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида кейинги йилларда стратегик шериклик ва яхши қўшничилик муносабатлари изчил ривожланаётгани, бу эса савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва ҳудудлараро алоқаларнинг янги босқичга кўтарилишига хизмат қилаётганини таъкидлади.
М.Мусаев эса Ўзбекистонда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва экспорт салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот бериб, қирғизистонлик ишбилармонларни мамлакатимиздаги янги лойиҳаларда фаол иштирок этишга чақирди.

B2B мулоқотларида 200 нафардан ортиқ ўзбек ва қирғиз тадбиркорлари қатнашди. Улар қурилиш материаллари, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-пойабзал, мебель, кимё ва пластмасса маҳсулотлари, фармацевтика, электр техникаси, савдо, импорт-экспорт, логистика, туризм ҳамда хизматлар соҳаларида ўзаро музокаралар ўтказдилар.
Учрашувлар давомида маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, импорт-экспорт операцияларини ривожлантириш, қўшма ишлаб чиқариш ва инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан қатор келишувларга эришилди.
ЎзА