Орзулари ушалаётган Гулрухсорабегим
Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлганлар сафида Тошкент давлат юридик университетининг Жиноий одил судлов факультети 4-босқич талабаси Гулрухсорабегим Абдусаидова ҳам бор.
Гулрухсорабегим болаликдан теварак-атрофга ўта қизиқувчан бўлиб улғайди. У Термиз шаҳридаги 3-мактабга илк қадам ташлаган йилдаёқ зийраклиги, илмга чанқоқ ва яхши хулқи билан устозлар эътиборини тортди. Ўқишдаги муваффақиятлари ва намунали хулқи учун мактабни “Аъло даражали шаҳодатнома” ҳамда “Олтин медаль” билан тугатди. Ўша йили Тошкент давлат юридик университетининг Жиноий одил судлов факультетига ўқишга қабул қилинди.

Устозлари ва тенгдошлари уни илм-фанга қизиқувчи, изланувчан ва истеъдодли қиз, дея таърифлайди. Ўқувчилик йилларидан ҳуқуқшунослик ва хорижий тилларга жуда қизиққанини эслайди.
Давлатимизнинг юксак мукофотига сазовор бўлган талаба қизнинг ана шундай ажойиб фазилатлари ўтган йилларда унинг қатор республика ва халқаро миқёсда ўтказилган нуфузли беллашувлар, мусобақа ва танловларда муносиб қатнашиб, фахрли ўринларни эгаллашига қулай имконият яратди. Айниқса, ўтган йил Гулрухсорабегим учун ютуқларга бой бўлди. Масалан, у Нидерландиянинг Гаага шаҳрида ўтказилган “IBA International Criminal Court Moot Court Competition 2024” халқаро мусобақасида халқаро жиноий ҳуқуқ соҳасидаги ёзма иши учун 100 баллик имкониятдан 93 баллни қўлга киритиб, халқаро сертификат билан тақдирланди. Япониянинг Нагоя университетига 2024 йилги баҳорги семестрни ўқиш учун танловда қатнашиб, юридик университети талабалари орасидан чет элга тўлиқ грант асосида ўқишга қабул қилинган ягона вакила бўлди. Японияда ўқишни муваффақиятли тугатиб, Нагоя университетининг халқаро сертификатини қўлга киритди.
Германиянинг Регенсбург университетига ўтган йил кузги семестр ўқиши учун эълон қилинган танловда Гулрухсорабегим Тошкент давлат юридик университети талабалари ўртасида яна ғолибликни қўлга киритиб, грант асосида ўқиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, Германия давлати Берлин шаҳридаги Буюк Британиянинг консуллигида ташкил этилган “International English Language Testing System (IELTS)” халқаро имтиҳонини муваффақиятли топшириб, 8.0 (С1) даражали IELTS халқаро сертификатини олди.
АҚШнинг дунё рейтингида кучли 100 таликдан жой олган “PennState Dickinson Law” университетига 2025-2026 ўқув йили магистратурасида таълим олиш учун эълон қилинган халқаро танловда 45 минг долларлик грант ютиб олиб, нуфузли олий таълим даргоҳига ўқишга қабул қилинди.
Шу йил 22 ёшни қарши олган Гулрухсорабегимнинг инглиз, япон, рус ва немис тилларида бемалол сўзлаша олишига ҳам тенгдошлари ўзгача ҳавас билан қарайди.
Бу изланувчан, илмга чанқоқ талаба қизнинг эришган ютуқларининг айримлари, холос. 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида унинг Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлангани Гулрухсорабегимни янада кўпроқ ўқиб, изланишга, Янги Ўзбекистонда ёшлар, шу жумладан, хотин-қизларга яратилаётган имконият ва шароитларни дунёга янада кенг тараннум этишга ундайди.
Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорининг яна бир ибратли хислати бор. Талабаларнинг ёзги таътил кунларида ўзи туғилиб ўсган Термиз шаҳрида бўлиб, ёш авлоднинг ҳуқуқий онг ва билимларини ошириш билан шуғулланади. Шу мақсадда у Термиз шаҳридаги Боғзор маҳалласида “Ҳуқуқий маданият” тўгарагини ташкил этган. Ҳар йил ёзда бу тўгарак ўқувчи-ёшлар билан гавжум бўлади.
Бу йил ҳам мамлакатимиздаги бир гуруҳ истеъдодли, иқтидорли қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланиб, бу эътироф уларнинг қалбидаги улуғ орзуларига янги қанот бағишлади. Зиммаларига янада масъулиятли ва шарафли вазифаларни юклади. Бундай эзгу йўлда Гулрухсорабегимга омад тилаймиз.
Нилуфар Бозорова,
ЎзА мухбири