Орзу-интилишлари муштарак халқлармиз
Яқиндагина Озарбайжонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари санъат, адабиёт, дўстлик байрами сифатида икки мамлакат маънавий ҳаётида ўчмас из қолдирди. Ушбу лойиҳанинг аҳамияти хусусида икки давлат оммавий ахборот воситаларида илиқ ва самимий фикрлар билдирилмоқда. Учрашув ва мулоқотларда Озарбайжонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунларида қатнашган ижодкор зиёлилар ўз таассуротлари билан ўртоқлашмоқда.
Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими раҳбари Маҳмуд Тоирнинг мазкур маданий лойиҳа хусусидаги фикрлари билан қизиқдик:
–Яқиндагина Озарбайжонда бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунлари озар халқининг маданият ва санъат билан бирга адабиётга, шеъриятга ошно эканини ҳам яққол кўрсатди. Мингдан ортиқ томошабинли залда бўлиб ўтган мусиқий тадбир барчада катта қизиқиш уйғотди. Икки халқнинг дўстлиги, биродар ва яқинлигини тараннум этувчи шеърни ўзбек ва озарбайжон тилларида ўқиб берганимизда озар мухлисларининг шеъриятга бўлган меҳри, интиқлиги, эҳтиромини яққол сезиш мумкин эди. Сабаби қардошларимизнинг адабиётга, шеъриятга ихлоси жуда баланд экан.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг ташаббуси ҳар томонлама ҳамкорлик эшикларини очиб берди. Бир-биримизнинг маданиятимизга, адабиётимизга чанқоқ эканимиз яққол сезилди. Ўзбекча янграган шеърлардаги ҳар бир сўзимизни диққат билан тингладилар.
Ўтган йили 9 сентябрда ТУРКСОЙ ташкилоти раҳбари Султон Раев томонидан халқимизнинг ардоқли шоири Сирожиддин Саййидга "Чингиз Айтматов" медали, каминага эса "Низомий Ганжавий" медали топширилган эди. Шунда Низомий Ганжавийдек табаррук зотнинг қабрини зиёрат қилишни дилга туккандим. Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида Ганжа шаҳрига бориш, Ганжавий ҳазратларининг қабрини зиёрат қилиш насиб этди.
Низомий Ганжавий музейи, 13 минг гектарли Миллий боғда бўлдик. Атоқли Озарбайжон шоири, драматурги, жамоат арбоби Самад Вурғун қабрини зиёрат этдик.
Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида атоқли ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг "Ўткан кунлар" романи тақдимоти бўлиб ўтди. Озарбайжон китобхонлари ушбу асарга катта қизиқиш билдирдилар. Айни пайтда Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрининг спектакллари жуда кўтаринки руҳда кутиб олинди.
Бугун Озарбайжон Республикаси билан маданий -маърифий, адабий алоқаларимиз мазмун жиҳатидан мутлақо янги босқичга чиқди. Бунда ҳар икки қардош мамлакат раҳбарларининг ташаббуслари, сиёсий иродаси, халқларимизнинг орзу-интилишларига ҳамоҳанглиги билан диққатга сазовордир.
ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди