“Орзу” илк хайрия кўргазма аукциони
27-30 июнь кунлари Тошкент фотосуратлар уйида “Орзу” номли ўзига хос хайрия кўргазма аукциони бўлиб ўтади. Тадбир Ёшлар ишлари агентлиги, “Mehrli qo’llar” жамғармаси, AVO Bank ва We Digital маркетинг агентлиги томонидан ташкил этиладиган Бутунжаҳон ёшлар фестивали доирасида ўтказилади.
Кўргазмада Sharm Studio рассомларининг сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болалар таассуротлари асосида яратилган 20 та сурати намойиш этилади. Лойиҳа бола хаёлларининг кучи ва ҳар бир боланинг хоҳиш- истакларини қўллаб-қувватлаш муҳимлигини кўрсатишга даъват қилади.
Хайрия аукциони 29 июнь куни соат 17.00 да бошланади. Асарлар савдосидан тушган барча маблағлар кўзи ожиз ва заиф кўрувчи болаларнинг кўриш қобилиятини тиклаш бўйича операцияларни ўтказишга йўналтирилади.
Унда иштирок этишни истаганлар Payme, Click ва Payze тўлов тизимлари орқали пул ўтказиб, лойиҳани қўллаб-қувватлаши мумкин.
Ташкилотчилар барчани “Орзу” кўргазма аукционига ташриф буюришни ва хайрли иш - болаларнинг орзулари ушалишига ўз ҳиссасини қўшишга таклиф этади.
Абдуазиз Хидиров, ЎзА.