Ортда қолган тарих ва келажакка назар
Бухорода Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Ўзархив” агентлиги ҳамда Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлигининг Архивлар, ҳужжатлар ва китоб иши қўмитаси, Бухоро вилояти архив иши ҳудудий бошқармаси, Бухоро давлат университети билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда Қозоғистон архивлари кунлари” бўлиб ўтди.
Тадбир Ўзбекистон ва Қозоғистон архивларида икки қардош халқ алоқаларига оид архив ҳужжатлари кўргазмалари тақдимотлари билан бошланди. Мазкур кўргазмалар доирасида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси архивларида сақланаётган, икки давлат ўртасидаги тарихий, сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларни ёритувчи ноёб ҳужжатлар илк бор кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.
Ноёб манбалар нафақат архив соҳаси мутахассислари, балки ёш тадқиқотчилар, талабалар, тарих ихлосмандлари учун ҳам катта қизиқиш уйғотиш билан бирга, маънавий ва маданий қадриятларни асраш, тарихий хотирани жонлантириш борасида катта тарбиявий ва стратегик аҳамиятга эга бўлди. Бу Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида янги саҳифа очди.
[gallery-24856]
Тадбир доирасида “Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида маданий ҳамкорлик архив фото ҳужжатларида” номли ноёб китоб-альбом тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур китоб-альбомда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги турли даврлардаги маданий алоқалар тўғрисида ҳикоя қилувчи фото архив ҳужжатлар ўрин олган. Шунингдек, китоб-альбомда Ўзбекистон ва Қозоғистон архивларидаги фото ҳужжатлар жамланган бўлиб, у кенг жамоатчилик, академик доиралар, халқаро ва миллий эксперт ҳамжамияти вакиллари, давлат идоралари ходимлари, фуқаролик жамияти институти вакиллари, талабалар, педагоглар, умуман тарихга, маданиятга қизиқадиган ҳар бир киши учун фойдали маълумотларга бой хусусиятга эга.
Тадбирнинг марказий ва энг муҳим қисмини “Ахборот жамиятида архивлар ўрни ва аҳамияти” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этди. Ушбу анжуман – Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги тарихий, маданий ва илмий алоқаларни мустаҳкамлаш, архивлар соҳасидаги стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлида муҳим қадам бўлди. Анжуманда икки давлатнинг архив соҳаси бўйича етакчи мутахассислари, олимлар, тарихчилар, ҳужжатшунослар, ахборот технологиялари соҳаси вакиллари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва илмий доиралар вакиллари иштирок этди. Тадбирда замонавий ахборот жамиятида архивларнинг ўрни, тарихий ҳужжатларнинг рақамлаштирилиши, ҳужжатларни сақлашнинг замонавий механизмлари, очиқлик сиёсати ва фуқаролик жамияти учун архивларнинг аҳамияти юзасидан долзарб мавзулар муҳокама қилинди.
Анжуман давомида архив соҳасидаги инновацион ёндашувлар, хусусан, рақамлаштириш ва рақамли архивлар платформалари бўйича тажриба алмашилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон архивлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, қўшма лойиҳалар ва академик алмашинувлар муҳокама қилинди.
Мазкур халқаро анжуман илк бор ташкил этилиб, у Ўзбекистон ҳамда Қозоғистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик тарихида муҳим саҳифа очди. Тадбир иштирокчилари ушбу ташаббусни ҳар икки мамлакат архивчилари ўртасидаги ҳамкорликни институционал босқичга олиб чиқиш йўлида мустаҳкам асос сифатида баҳолади.
Тадбирда Қозоғистон Республикаси Ҳукумат аппарати, Маданият ва ахборот вазирлигининг Архивлар, ҳужжатлаштириш ва китоб иши қўмитаси, давлат архивлари, шунингдек, Қозоғистон Президенти архиви вакилларидан иборат расмий делегация ҳам иштирок этди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/SOZiqBueKPY?si=Wyog0ZBPfT-e3JdE" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.