“Ортда қолаётган йил, сендан розиман”
Бир йил. Ўн икки ой. Бир қараганди унча катта бўлмаган давр. Вақтни қадрига етган инсон учун бир сония ҳам қадрли. Ундан фойдаланиб, нимадир из қолдиргиси келади. ЎзА мухбири ижод аҳли, бадиий сўз майдонида ҳормай, жавлон уриб, ижод қилиб келаётган ижодкорлар билан суҳбатлашди. Уларнинг ўтган бир йил мобайнида нималар билан банд бўлгани билан қизиқди. Фан ва таълим, адабиёт, маърифат соҳаларига эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайган бир даврда уларнинг бу борадаги фикрларини ёзиб олди.
Қўчқор Норқобил, драматург, шоир:
–Сиз айтган соҳалар, жумладан, адабиётга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Яхши асарлар ёзган, ёзаётган ижодкорлар, энг аввало ўқувчилар томонидан эътироф этиляпти. Ўқийдиган одам ўқиркан, Худога шукур дейман, адабиётнинг, аниқроғи яхши асарнинг қадри ҳам юки ҳам ерда қолмаскан. Демак, адабиёт ўлмайди. Биргина ўқувчи ўқиса ҳам ёзувчи ёки шоир ўзини ёлғиз сезмайди, яхши ижод ўз эгасини топади. Ўша биргина инсон қалбида ҳиссиёт оловини ёқсангиз ҳам, ўша бир нафаргина ўқувчи сизнинг ёзганларингизни қалб кўзи билан ўқиса, сиз бахтлисиз. Пойтахтимиздаги зиёратгоҳ — Адиблар хиёбонига тез-тез бориб тураман; чарчасам, ё бирор нарсадан толиқсам, шу жойга келаман. Бироз айлангач, хаёлимдан ўтган турфа ёруғ фикрлардан ўзимда куч сезаман. Ишонинг, ёруғ бир масканга меҳмонга келгандай бўламан.
Устозларнинг ҳузурида (бу ҳайкаллар уларнинг қалбига қўйилган, ҳайкаллар қалб учун қўйилади, деб ўйлайман) ўзимга ўзим: сен нималар билан чалғиб, вақтингни ўтказиб юрибсан дегандай бўламан. Устозларимнинг ҳар бири ўз ўқувчисининг қалбида ўзларининг мангу-барҳаётлик ҳайкалини қўйишган. Ана шу миллионлаб қалблардаги ҳайкалларнинг рамзи эса шу майдонга, адиблар хиёбонига ҳам кўчирганини ҳис қиламан. Давлатнинг бу эзгу ишидан хурсанд бўламан. Юблейлар бўляпти, улуғ адиб ва шоирларимиз ёдга олиняпти. Ахир уларга кўрсатилаётган эҳтиром бевосита ҳар бир қалам аҳли, чин маънодаги, яхши ёзадиган ижодкорнинг ҳам қадрини кўтарадику. Мен шундай ўйлайман. Менимча, чин ёзувчи ёки чин шоир эътироф ва эътиборталаб, иззатхўр бўлмайди. У ўзининг ижоди билан банд бўлади. Адабиётга берилаётган эътиборни истеъдодлилар ҳис қилади менимча. Яхши ёзолмайдиганлар ҳамма замонларда ҳам тутаб, минғир-синғир қилиб юраверади.
Яхши ишлар қилдим деб ўйлайман. Тўртта драма ёздим, кўп ҳикояларим дунёга келди, яхши ишладим, Худога шукур, қатор-қатор китобларим чиқди, чиқаяпти. Хорижий давлатларда ҳам асарларим босилди. Яқин кунларда қардош Озарбайжоннинг нуфузли театрида комедиям қуйилади, премьера бўлади. Ўзбекистонимизда ҳам бир неча театрларда асарларим саҳналаштирилди. Россияда иккита китобим чиқди. Яна бири нашр арафасида. Ўтаётган йилда омадим баланд бўлди. Худо хоҳласа, тез кунларда яна бир яхши хабар келиши керак. Россиядан. Ундан албатта, биринчи бўлиб ЎзА хабар топади.
Фозил Фарҳод, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси матбуот котиби:

–Чиндан, бу соҳаларга эътибор ҳар қачонгидан ҳам кучайган. Мен ушбу ўзгаришлар шабадасини ўзим ва замондошларим ҳаётида кўраяпман. Масалан, келажак авлодни китобга, адабиётга яқинлаштириш мақсадида президент қарори билан мактабларда ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи штатлари ташкил этилди. Ёзувчи-шоирлар, олий таълим масканларининг профессор-ўқитувчилари, журналистлар, ижодга қизиқувчи кишилар армияси бугун ҳар бир масканга кириб борди. Улар ўқувчилар қалбида адабиёт — эзгулик чироғини ёқмоқда. Ўзим ҳам айни пайтда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ахборот технологиялари мактабида ушбу вазифада ишлаяпман. Ёзувчи-шоир ва ўқувчилар ўртасида кўприк тикладик. Ўқувчилар билан ўқув юртининг газетаси ва журналини тайёрлаяпмиз. Уларга мақола ёзишни, шеърни қандай ўқиш кераклигини ўргатяпман. Ижодкор ўқувчиларим билан ишлаш мен учун жудаям мароқли. Гарчи мактаб аниқ фанларга ихтисослашган бўлсада, ўқувчилар адабиёт ва маданиятни яхши кўриб улғайяпти.
Тўғри, бу ишлар бугун самара бермаслиги мумкин. Аммо йиллар ўтади тарғиботчилигингиз тотли меваларини бера бошлайди. Ўшанда бу юртда адабиётни қадрловчи инсонлар сони кескин ортади.
Энди адабиёт соҳасидаги ислоҳотларга келадиган бўлсак, бугун ижод янада эркинлашди. Ижод қилган киши, албатта, мевасиниям тотяпти. Ёзувчи-шоирларнинг нафақат ижод қилишига, балки шахсий ҳаётидаги муаммоларгача эътиборда. Масалан, биргина Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари учун Камолон дарвоза маҳалласида қурилган кўп қаватли уйларда бугун 100 дан ортиқ ёзувчи-шоир, адабиётшунослар оиласи билан яшаяпти.
Ўзим ҳам 2020 йилнинг август ойида оилам билан ўша ердаги уч хонали уйга кўчиб келдим. Имтиёзли ипотека кредити асосида 20 йил муддатга берилган квартиранинг бошланғич тўлови учун 35 миллион 500 минг сўм тўладик. Қолганини 1 миллион 200 минг сўмдан тўлаб боряпмиз. Бу имконият ёш ижодкор оила учун айни қўл келди. Бу ерда ижод қиляпмиз. Умид қиламанки, энг яхши асарларим шу уйда ёзилади, Худо хоҳласа.
2021 йил иш борасида баракали йил бўлди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизматида журналистлар учун пресс-турлар, матбуот анжуманлари, брифинглар ташкил этдик. Уларни Абдулла Қодирий, Ойбек уй музейларига, Зомин семинарига олиб бордик. Албатта, улгурмай қолган ишларимиз ҳам бор. Масалан, Абдулла Қаҳҳор ва Ғафур Ғулом уй-музейига режалаштирган пресс-турларимиз қолиб кетди. Насиб, бу ниятимизни 2022 йилга режамизга киритиб қўйдик.
Таянч докторантурага ҳужжат топширган эдим. Аммо насиба эмас экан, ўқишга кира олмадим. Энди мустақил тадқиқотчиликка ҳужжат топширишни ният қилдим.
Аммо олий таълимда ўқитувчи сифатида ишлаш ниятим бор эди. Шу режам амалга ошди. Айни пайтда Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг магистрларига “Муҳаррирлик маҳорати” фанидан, 3-курс бакалавр йўналиши талабаларига “Таҳрир маҳорати” фанидан дарс беряпман. Улар билан асосан фикрдошмиз. Ўзимда борини уларга ўргатаман, билмаганимни улардан ўрганаман.
Мансур Жумаев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир:

–Тараққиётнинг бешиги — мактаб, таълим. Таълимга эътибор кучаяётгани сезилмоқда. Бу келажакда ўз ҳосилини беради, деган умиддаман. Шунингдек, китобхонлик маданияти шаклланиб бормоқда. Китобхонлар кўпаймоқда. Бирор ютуқними, автомобилними кўзлаб бўлса ҳам ўқиётганлар бор. Муҳими, китоб ўқиляпти. Жамиятимиз танлаб, саралаб ўқиш босқичига ўтмоқда, назаримда. Яхши янгиланишлар шундан бошланса, ажабмас.
Бу жараёнда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳам имкон қадар улуш қўшиб келаётир. Айниқса, буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги, Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги халқаро миқёсда, юксак савияда нишонлангани, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-бадиий хотира кечасининг миллий адабиётимиз байрами даражасида ташкил этилганини алоҳида қайд этиш лозим. Ҳар бир тантанали кечада таваллуди нишонланаётган ижодкорга оид китоблар тўплами тадбирга келган ҳар бир меҳмонга совға қилингани эътирофга лойиқ иш. Маърифат улашишга ўз ҳиссасини қўшаётган ҳар бир инсон миннатдорлик билдиришга арзийди.
Ёшларнинг, айниқса, қизларнинг таълим олишга, ўқиб-изланишга қизиқишлари тобора кучайиб бораётгани қувонарли. Бугун илмга ташна бўлган, билим олаётган, савиясини ошираётган, дунёқарашини кенгайтиришга бел боғлаган қизлар эртага зукко, билимдон, ақлли, маданиятли, зеҳни ўткир, тил биладиган, зиёли ОНАга айланадилар; бундай онанинг тарбиясини олган ўғил-қизлар қандай дилбар шахслар бўлиб етишишини тасаввур қилаверинг!
Замонавий, илғор, мусаффо таълим тизимисиз бир қадам олға босиб бўлмайди. Бу кундай равшан. Шундай экан, бугун таълимга берилаётган ҳар қанча эътибор бизни қувонтиради. Бироқ бу тизимга қанча эътибор қаратилса, шунча оз, деб биламан. Таълимнинг сифат даражасини ошириш олдимизда турган энг муҳим масала бўлиб қолмоқда.
Ортда қолаётган йил — нафақат хотирамда, балки тарихда қолаётган йил, десам, муболағага йўйманг. Илк китобим чоп этилган 2017 йил ҳаётимдаги қандай аҳамиятли сана бўлган бўлса, ўтиб бораётган 2021 йил ҳам шундай эсда қоларли ва қадрли бўлди: Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган “Назм бўстони” сериясида “Ҳайрат қўшиқлари” номли китобим чоп этилди. Бу мен учун ҳам, озми-кўпми ижодимга қизиқадиган шеърият ихлосмандлари учун ҳам ажойиб совға бўлди.
Энг қувонарлиси, бу йил шахсий ҳаётимда улкан воқеа бўлди: фарзандли бўлдим.
Хуллас, бирйўла икки болам дунё юзини кўрди: бири — қизалоғим, бири — китобим. Ижодий нуқтаи назардан олдимга қўйган режаларимнинг ҳаммаси амалга ошди, деб айтолмайман. Чунки ёзмоқчи бўлганларим жуда кўп эди. Келгуси йилга ўз зиммамга юклаган улкан мақсадлар, вазифалар билан боряпман.
ЎзА мухбири
Дилобар Маматова
ёзиб олди.