Ўртача ҳосилдорлик 90 центнердан бўлади (+видео)
Деҳқонларнинг эътирофига кўра, бу йил дон йили бўлди. Фақат уни ўз вақтида нес-нобуд қилмай йиғиб олиш зарур. Зеро, ҳосил омборларга сиғмай кетади бу йил, дейди улар.
Дарҳақиқат, яхши ният билан экилган уруғ, илм билан ёндашув, замонавий технология асосида ишлов бериш, қолаверса, иқлим шароити ҳосилдорликка таъсир қилди. Агар 2025 йилда Фарғонада 94,3 минг гектар майдондан жами 816,7 минг тонна ёки ҳар гектаридан ўртача 86,6 центнердан ҳосил олинган бўлинса, бу йил 92 232 гектарга уруғ сочилган. Аммо ҳосилдорлик 90 центнердан кам бўлмайди, дейди мутахассислар.

Тошлоқ туманидаги “Янги Гулистон файз” фермер хўжалигида 2026 йил ҳосили учун етиштирилган ғалла майдонларида ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан ташкил этиш ҳамда қишлоқ хўжалигининг долзарб вазифаларига бағишланган вилоят кўргазмали семинари бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, туманлар ҳокимлари, дахлдор ташкилот ва бошқармалар раҳбарлари, соҳа мутахассислари ҳамда Жамоатчилик кенгаши аъзолари иштирок этдилар.
Семинар аввалида нуронийлар томонидан мамлакатимиз тинчлиги, дастурхонлар тўкинлиги ва хирмонларнинг баракали бўлишини тилаб дуо қилинди. Шундан сўнг фермер хўжалигида ғалла ўримига киришилди.

– Бу йил хосилдорлик 90-100 центнер бўлишини кутяпмиз, – дейди фермер Қаҳрамон Каримов.
– Комбайндаги шароитлар жуда қулай. Кондиционер ҳам бор. Чанг кирмайди, –дейди комбайнчи Ойбек Шешалиев. – Гектаридан 90 центнердан ошиқ ҳосил чиқмоқда.
Ҳосилдорлик уруғ, ишлов ва, албатта, техникага боғлиқ. Фермер Қаҳрамон Каримов бу масалани ўтган йиллар даромади ҳисобидан амалда ҳал қилиб қўйди.

– Лизингга техника олдик. 80 фоизини даромаддан тўладик. 25 та техникам бор. Бошқа фермерларга ҳам хизмат кўрсатамиз, – дейди фермер. –120 бош мол олиб боқаман, 20 сотихда чорва қилдим.
Қаҳрамон бугун ўримга тушди.
Тошлоқнинг яна бир забардаст фермери Жасурбек Шерматов донни ўриб, ғалладан бўшаган ерларда картошка, помидор каби озиқ-овқат экинзорларини яратди.

– Ғалладан бўшаган майдонларга тезлик билан сабзавот ва дуккакли маҳсулотлар экяпмиз, – дейди “Боймат Шерматов” фермер хўжалиги раҳбари Жасурбек Шерматов. – Уларни суғоришда томчилатиш усулини қўлладик. Бу, биринчидан, сувни тежайди. Иккинчидан, сувга қўшилган ўғит кўчат томирига бориб ҳосилдорликни оширади.
Томчилатиб суғориш усули фарғоналик деҳқон учун кундалик фаолиятининг асоси бўлиб қолди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров семинар-йиғилишда икки фермер мисолида илғор тажрибани таҳлил қилди ва тегишли тавсиялар берди.

Фарғонада 2026 йил дон ўрими бошланди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/U3x6Ywr8NG4" title="O‘rtacha hosildorlik 90 sentnerdan bo‘ladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео, сурат), ЎзА