Оролга бағишланган фотокўргазма
Пойтахтимиздаги Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият карвон саройида франциялик фоторассом Эрик Гурлан ижодига оид “Орол денгизи: Хотира ва улуғворлик” номли бадиий кўргазманинг очилиши бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилган Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида ўтказилаётган ушбу кўргазмада рассомнинг 30 дан ортиқ ижод намунасига ўрин берилган.
Бир вақтлар барака ва мўл-кўлчилик тимсоли бўлган Орол мана неча йиллардирки, тобора қуриб, қақшаб бормоқда. Бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси ва дунё миқёсидаги энг йирик экологик фалокатлардан биридир. Денгизнинг қуриган тубида (Оролқум) ҳосил бўлган улкан майдонлардан ҳар йили миллионлаб тонна заҳарли туз ва қум чанглари ҳавога кўтарилади. Бу чанглар нафақат минтақага, балки узоқ масофаларгача (ҳатто Арктикагача) етиб бормоқда.
[gallery-28888]
Сир эмаски, илгари денгиз иқлимни юмшатувчи вазифани бажарган. Ҳозирда эса унинг қуриши натижасида об-ҳаводаги мўътадилликка путур етаётгани кузатилмоқда. Денгиз сувининг шўрланиши ортиши натижасида балиқ турлари қирилиб кетди, атрофдаги ўсимлик ва ҳайвонот дунёси кескин камайди. Кўплаб ижтимоий ва иқтисодий муаммолар юзага келгани бугун ҳеч кимга сир эмас.
Буларнинг барчасини франциялик фото устаси ўз кўзи билан кузатиб, Орол муаммосига ўз ёндашуви, ўз нигоҳи билан қарайди. Оролнинг қуришида фожеа билан бирга недир маҳобат ва улуғворликни ҳам ижодкор сифатида топа олгани ижодкорнинг бой хаёлот дунёси, кенг тафаккуридан дарак беради.
– Йигирма беш йил аввал мен унинг соҳилларида, Қозоғистон чегарасида бўлганман, – дейди Эрик Гурлан. – Ўша пайтда ҳам денгиз оғир хасталикда эди. Асрлар давомида балиқчилик билан кун кечирган балиқчилар бошқа чораси қолмагач, касбини ўзгартириб, туя боқишга мажбур бўлишди. Уларнинг фарзандлари бу ердан кетиб қолишди.
Ушбу кўргазма наинки ўзбек кино ва фотосанъатининг асосчиси, балки тарихнинг музлаган лаҳзаларини жонлантирган, миллат кўзгусини яратган буюк ижодкор, қадимий обидаларнинг кўҳна деворлари, маҳобатли миноралар ва оддий одамларнинг чеҳрасидаги мунгни «сеҳрли қутиси» — фотокамерасига муҳрлаган илк ўзбек фотосуратчиси Худойберган Девонов хотирасига бағишланади. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, франциялик рассом Эрик Гурлан Орол мавзусидаги ушбу кўргазмадаги фотосуратларни 1920 йилларга оид технология бўйича тасвирга туширган.
Кўргазма тасвирий ва фото санъати ихлосмандларида катта таассурот қолдирди.
Назокат Усмонова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА мухбирлари