Қоракўлда замонавий деҳқон бозори
Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида Бухоро вилояти Қоракўл тумани марказидаги деҳқон бозори реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.
Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида Бухоро вилояти Қоракўл тумани марказидаги деҳқон бозори реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди.Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида бозорда умумий қиймати 7,1 миллиард сўмлик лойиҳа Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки туман бўлими кредити, тадбиркор ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилди.
Деҳқон бозоридан 200 раста, гўшт, сут, нон ва нон маҳсулотлари, қуруқ мева ва турли ширинликлар павильонлари ўрин олган. Икки қаватли 14 дўкон ҳам қурилиб, савдо шохобчалари сони 69 тага етди.
Бозорда яратилган бундай қулайликлар ва савдо маданиятидан харидорлар мамнун.
– Ҳар қандай кишининг ҳавасини тортадиган бозор бўлди, – дейди ўзини Асрор Раҳматов деб таништирган харидор. – Бозоримиз доимо тўкин бўлган, лекин шароит яхши эмас эди. Мана энди нафақат юртдошларимиз, балки хориждан келадиган сайёҳларни ҳам бемалол бозоримизга олиб тушаверамиз. Қаранг, қайси шаҳар бозоридан ками бор? Мустақиллик байрамига ажойиб совға бўлди.
Деҳқон бозори ёнида ҳар бири 200 машинага мўлжалланган 2 автотураргоҳ қурилиши ҳам бошлаб юборилди.