Қоракўлчиликни ривожлантириш йўлида
Жиззах вилояти Фориш туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган “Боғдон” наслчилик заводида хўжаликлараро наслли қўчқорларни алмаштириш ва сотиб олишни таъминлаш бўйича анъанавий кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Жиззах вилояти Фориш туманидаги қоракўлчиликка ихтисослашган “Боғдон” наслчилик заводида хўжаликлараро наслли қўчқорларни алмаштириш ва сотиб олишни таъминлаш бўйича анъанавий кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзбек қоракўли” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиздаги қоракўлчилик ва эчкичиликка ихтисослашган барча наслчилик заводлари ва хўжаликлари, бирлашмалар, уюшмалар, илмий-тадқиқот муассасалари мутахассислари ва тадбиркорлар иштирок этди.
Бугунги кунда мамлакатимизда 103 қоракўлчилик ширкат хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улардан 20 таси наслчилик заводи, 18 таси наслчилик хўжалиги мақомига эга. Кейинги йилларда олимларимиз чорвадорлар билан ҳамкорликда қоракўл қўйлари наслини яхшилаш, яйловлар ҳосилдорлигини ошириш бўйича салмоқли натижаларга эришди. Қоракўл қўйларининг саккизта янги зоти яратилди. Яйловлар ҳосилдорлигини ошириш учун беш хил ўсимлик нави яратилиб, элита уруғчилиги йўлга қўйилди.
Семинар наслчилик заводлари ва хўжаликларида етиштирилган наслли қўчқорлар, соҳада қўлланиладиган замонавий техника ва жиҳозлар, турли дори-дармон ва препаратлар кўргазмаси намойиши билан бошланди.
Сур, кўк ва қора рангли наслдор қўчқорлар, мамлакатимиз ва хорижда ишлаб чиқарилган янги дорилар, профилактика ва дезинфекция воситалари, зооветеринария аппаратлари, яйлов ўсимликларининг янги турлари, айниқса, катта қизиқиш уйғотди.
Тадбирда қоракўл зотли қўйлар генофондини сақлаб қолиш, қоракўлчилик хўжаликларида селекция-наслчилик ишларини такомиллаштириш, зотли қўчқорларни кўпайтириш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш масалалари муҳокама этилди. Маҳсулотни қайта ишлаш, сотиш, қишлов учун чорва озуқаси жамғариш, соҳага малакали кадрлар тайёрлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
– Қоракўлчиликни сердаромад тармоққа айлантириш учун наслчиликни яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлаш бўйича кўрилган чора-тадбирлар ўз самараларини бермоқда, – дейди “Ўзбек қоракўли” компанияси раиси Нурбек Йўлдошев. – Кўргазмага олиб келинган наслли қўчқорлар хўжаликлараро алмаштирилди. Қоракўлчилик хўжаликлари ўртасида наслли қўчқорларни алмаштириш бўйича фойдали келишувлар имзоланди.