Ўқув йили тантанали бошланди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Жиззах политехника институтида янги 2026/2027 ўқув йилининг бошланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган “Мустақиллик тўйи” ҳамда “Билимлар куни” тадбири бўлиб ўтди.
“Бир Ватан, бир халқ бўлиб, янги ҳаёт, янги келажакни биргаликда бунёд этайлик!” шиори остида ўтказилган тадбирда институт раҳбарияти, профессор-ўқитувчилар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари, талаба-ёшлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди.
Тадбирда институт ректори, техника фанлари доктори, профессор Алишер Усмонқулов сўзга чиқиб, йиғилганларни янги ўқув йили ва истиқлолимизнинг 35 йиллиги билан қутлади.
[gallery-31303]
Институтнинг сўнгги йиллардаги илмий-амалий ютуқлари, профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг эришган натижалари қайд этилди. Янги ўқув йилида таълим сифатини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилди.
Бир гуруҳ фидойи профессор-ўқитувчиларга давлат мукофотлари, иқтидорли талабаларга соҳавий вазирлик ташаккурномалари ва эсдалик совғалари топширилди.
Талабаларнинг ватанпарварлик руҳидаги куй-қўшиқлари, “Мустақиллик мушоираси”, миллий рақс композициялари ҳамда ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.
Анъанага мувофиқ, биринчи босқич талабаларига рамзий “Билимлар калити” топширилиб, уларнинг тантанали қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилди.
Тадбир доирасида “35 йил – 35 ютуқ”, “35 йил – 35 китоб”, “Ватан фидойилари”, “35 та инновацион ғоя”, “Бир Ватан – бир оила”, “Менинг университетим – менинг Ватаним” ва “Янги Ўзбекистон ёшлари” мавзуларида кўргазмалар намойиш этилди.
Жамшид ЁРБЕКОВ(сурат),ЎзА