Ўқув марказларида иқтидорли ёшлар камол топмоқда
Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида Андижон вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ўзбекистон ўқув марказлари форумининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Форумда ташкилотчилар, соҳа мутахассислари, вилоятдаги ўқув марказлари, нодавлат таълим ташкилотлари раҳбарлари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Форум очилишида сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов ва бошқалар томонидан вилоятда ўқув марказлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, ёшларнинг сифатли таълим олиши, хорижий тилларни ўрганиши ва халқаро имтиҳонларда юқори натижаларга эришишида ўқув марказларининг ўрни ва роли катта эканлиги алоҳида қайд этилди.


– Форумни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, нодавлат таълим ташкилотлари, ўқув марказлари фаолиятини ривожлантириш, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Акмалжон Тангриқулов. – Шу билан бирга, ўқув марказларида шаклланган илғор тажрибалар, замонавий иш услубларини оммалаштириш, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларнинг хорижий тиллар ва замонавий касбларни эгаллашлари учун яратилаётган имкониятларни янада кенгайтиришга қаратилган.
Таъкидлаш лозим, бугунги кунда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида кўплаб нодавлат ўқув марказлари фаолият кўрсатмоқда. Жумладан, Андижон шаҳрида 50 та, Шаҳрихон туманида 32 та, Асака туманида 22 та ўқув маркази самарали фаолият олиб бормоқда.


Ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва таълим соҳасидаги ташаббусларни молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган “Кўмак” лойиҳаси доирасида вилоятдаги ўқув марказлари фаолияти билан боғлиқ амалга оширилиши режалаштирилган 100 та лойиҳадан 39 таси молиялаштирилди. Ана шу лойиҳаларга жами 4 миллиард 980 миллион сўм маблағ йўналтирилган.
Шунингдек, ёшларнинг халқаро имтиҳонларда юқори натижаларга эришишини рағбатлантириш ва уларнинг имтиҳон топшириш харажатларини қоплаб бериш борасида ҳам ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2022 йилдан жорий йилнинг 9 ойи давомида вилоятда жами 4 минг 94 нафар ёш халқаро имтиҳонларда юқори натижаларни қайд этган бўлиб, уларнинг имтиҳон харажатларини қоплаш учун 8 миллиард 349 миллион сўм маблағ ажратилган.
Ана шу эътибор ва берилаётган кўмак натижасида халқаро имтиҳонларда юқори натижаларга эришаётган ёшлар сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Жумладан, 2023 йилда уларнинг сони 507 нафар бўлган бўлса, 2025 йилда 1 минг 399 нафарни ташкил этди. Жорий йилнинг 9 ойида эса 1 минг 122 нафар ёш юқори натижаларни қўлга киритган.
Биргина шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида ёшларнинг халқаро имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш учун 2 миллиард 460 миллион сўм маблағ йўналтирилган. Имтиҳонлар турлар кесимида таҳлил қилинганида, юқори натижага эришган ёшларнинг 730 нафари IELTS, 257 нафари САТ, 110 нафари TORFL халқаро имтиҳонлар бўйича юқори натижаларни қайд этган.

Форум доирасида вилоят ҳокимининг ўринбосари Комилжон Комилов ўқув марказлари раҳбарлари ва соҳа вакиллари, ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида таълим соҳасидаги мавжуд муаммолар, уларнинг ечимлари, ўқув марказларини ривожлантириш ҳамда истиқболдаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, форумда вилоятдаги “English Life”, “Berlin Zentrum” va “Wester School” ўқув марказлари раҳбарлари томонидан тақдимотлар ўтказилиб, таълим жараёнидаги замонавий ёндашувлар, самарали ўқитиш услублари ва илғор тажрибалар намойиш этилди.
Форум доирасида юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ фаол ёшлар ҳам рағбатлантирилди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири