Оқсувдаги янги ГЭСлар: энергетик барқарорлик сари муҳим қадам
Мамлакатимизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш, гидроэнергетика салоҳиятини ошириш ва аҳолини барқарор электр энергияси билан таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада дарёлар сув оқимидан оқилона фойдаланиш орқали янги гидроэлектр станцияларини барпо этиш муҳим аҳамият касб этади.
Ана шундай лойиҳалардан бири Қашқадарё вилоятидаги Оқсув дарёсида амалга оширилди. Бу ерда умумий қуввати 24 мегаватт бўлган учта янги гидроэлектр станцияси ишга туширилди. Мазкур лойиҳаларнинг аҳамияти ва самарадорлиги ҳақида "Ўзбекгидроэнерго" АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳулкар Жўраева қуйидагиларни гапириб берди:
— Мамлакатимизда гидроэнергетика соҳасини ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш борасида қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 'Ўзбекгидроэнерго" АЖ томонидан ҳам бу йўналишда бир қатор истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Уларнинг навбатдагиларидан бири Қашқадарё вилоятидаги Оқсув дарёсида барпо этилган учта янги гидроэлектр станцияси бўлиб, улар куни кеча фойдаланишга топширилди.
Мазкур инвестиция лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 августдаги 497-сон қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
Янги гидроэнергетика мажмуаси таркибидан қуввати 6,2 мегаватт бўлган "Работ ГЭС", 7,5 мегаватт қувватга эга "Чаппасуй ГЭС" ҳамда 10,3 мегаватт қувватли "Тамшуш ГЭС" ўрин олган. Уларнинг умумий қуввати 24 мегаваттни ташкил этади.
Мазкур станциялар Оқсув дарёсининг гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва ҳудуд энергетик инфратузилмасини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Лойиҳанинг иқтисодий ва экологик самарадорлиги ҳам салмоқлидир. ГЭСлар каскадида йилига ўртача 105,1 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг натижасида ҳар йили қарийб 31,5 миллион куб метр табиий газ ҳамда 45-50 минг тонна кўмир ресурсларини тежаш имконияти яратилади. Бу эса анъанавий ёқилғи ресурсларига бўлган эҳтиёжни камайтириш, атмосферага чиқариладиган зарарли моддалар миқдорини қисқартириш ва экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Энг муҳими, Оқсув дарёсида барпо этилган янги гидроэлектр станциялари йилига қарийб 44 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлаш имконини беради. Бу каби лойиҳалар аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг электр энергиясига бўлган талабини қондириш, ҳудуднинг энергетик барқарорлигини мустаҳкамлаш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
Шу нуқтаи назардан, Оқсув дарёсида янги ГЭСларнинг ишга туширилиши нафақат электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва анъанавий ёқилғига қарамликни камайтиришга қаратилган муҳим қадамдир. Бундай лойиҳалар мамлакатимизда «яшил» иқтисодиётга ўтиш жараёнини жадаллаштириш, энергия манбаларини диверсификация қилиш ва ҳудудларнинг энергетик барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА