Ўқитувчилар учун бир ойлик мажбурий малака ошириш курслари бекор қилинади
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўқитувчи ва мураббийлар куни арафасида «Янги Ўзбекистон» университетида устоз ва мураббийлар билан учрашув ўтказмоқда.
– Замон ўзгаряпти. Болаларнинг қизиқиши, дунёқараши, ахборот олиш хусусияти ҳам ўзгаряпти. Кеча самара берган дарс усули бугун етарли бўлмаслиги мумкин. Шу сабаб муаллимнинг мунтазам ўқиши ва ўз устида ишлаши зарур, – деди Президентимиз ўқитувчиларнинг малакаси ҳақида.
Педагоглар учун пойтахт ёки вилоят марказига бориб, бир ойлик курсда мажбурий ўқиш талаби бекор қилинади. Унинг ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари жорий этилади.
Муаллим тоифа синовидаги натижасига қараб, 18 соатдан 72 соатгача таълим олиш имконига эга бўлади. Курсни ва малака ошириш жойини ўзи танлайди.
Давлатимиз раҳбари бу ўзгариш малака оширишни расмиятчиликдан амалий эҳтиёжга айлантириши кераклигини таъкидлади.
ЎзА