“Оқила аёллар” талаба- қизлар ҳузурида
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 августдаги “Оқила аёллар” ҳаракати фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан “Оқила аёллар” жамоатчилик тузилмаси ташкил этилган.
Ҳаракатнинг асосий мақсади жамиятда янги маънавий макон яратишда хотин-қизларнинг фаоллигини қўллаб-қувватлаш, фарзанд тарбияси, оила, хотин-қизлар маънавиятини юксалтиришда жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган эътиборли ва катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, фаол ва ташаббускор аёлларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборат.


Наманган тўқимачилик саноати институтида вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати томонидан “Ҳар бир аёл бахтли бўлишга ҳақли” мавзусида ўтказилган семинар-терингда талаба қизлар ўртасида фарзанд, айниқса, қизлар тарбияси, оила, оналар маънавиятини юксалтириш, оилаларда китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб этиш, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни шакллантириш, ёшлар ўртасида оилавий-ҳуқуқий муносабатлар, оила иқтисоди ва бюджети, репродуктив саломатлик асосларини ёш авлод онгига сингдириб бориш тўғрисида сўз юритилди.


– Тадбир давомида хотин-қизлар ўртасида тадбиркорлик ва бизнес кўникмаларини шакллантириш, иқтидорли ёш қизларни аниқлаш ва уларнинг қобилиятларини тўғри йўналтириш зарурлиги ҳақида маслаҳатлар бердик, – дейди “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Наманган вилояти бўлинмаси раҳбари, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, вилоят “Оқила аёллар” ҳаракати раҳбари Наргиза Муҳаммадиева. – Қолаверса, ўзининг касбий маҳоратларидан келиб чиқиб, хусусий бизнес ва тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйган талаба- қизларнинг бизнес ғоялари, таклифларини тинглаб, уларни қизиқтирган саволларга бафуржа жавоб қайтардик. “Оқила аёллар” ҳаракатини вилоятнинг барча туманларида, чекка ва олис маҳаллаларигача кенг оммалаштиришни мақсад қилганмиз.
Семинар-тренинг якунида талаба-ёшларга яратилган шароитлар ва имкониятлар, таълим олиш жараёнлари, иқтидор соҳибалари томонидан тайёрланган тайёр маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкил этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири