Оқдарёлик “газчи” ишининг чуви чиқди
Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда ички ишлар органлари ва “Ҳудудгазтаъминот” Самарқанд газ таъминоти филиали ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда Оқдарё туманида аҳоли учун мўлжалланган суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ балонлари ноқонуний равишда хусусий тадбиркорларга сотилаётганини фош этди.
Туманнинг Мустақиллик маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган А.С. бошқарувидаги “БОНГО” русумли автомашинада 55 дона 55 литрли, “стикер” лари мавжуд бўлган ва суюлтирилган газ тўлдирилган маиший газ балонларни тумандаги ошхона ва кафеларга олиб кетаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилди.
Фуқаро ушбу газ балонларни туман газ таъминоти корхонасидан ҳар бирини 35 минг сўмдан сотиб олиб, хусусий тадбиркорларга 70 минг сўмдан сотиш билан шуғулланиб келгани, яшаш хонадонида ҳам 36 дона газ баллони борлиги маълум бўлди.
Текширув давомида, А.С. туман газ таъминоти корхонасидаги жиноий шериклари билан тил бириктириб, 91 дона маиший газ баллонини ўзлаштириб юборганлиги аниқланди. Ҳозирда фуқаро А.С.нинг жиноий шерикларини аниқлаш бўйича суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА