“Оқ йўл Сизга, битирувчи!”
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2025-2026 ўқув йили битирувчиларига диплом топширишга бағишланган “Оқ йўл Сизга, битирувчи!” мавзусида тантанали кеча бўлиб ўтди.
Кечада бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари битирувчилари, уларнинг ота-оналари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар, педагог ходимлар, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар битирувчи ёшларни табриклади ва келгуси ишларига муваффақиятлар тилади. Таъкидлаш жоиз, якунланаётган жорий ўқув йилида Нукус давлат педагогика институтини бакалавриатнинг кундузги, кечки ва сиртқи таълим йўналишлари бўйича жами 4 минг 422 нафар талаба, магистратура мутахассисликлари бўйича 225 нафар магистрант тамомламоқда. Улар орасидан минглаб талаба-ёшлар тегишли иш берувчилар билан уч томонлама шартномалар тузиш орқали иш ўринларига йўлланма олишди. Тадбирда битирувчиларга дипломлар топширилди.

Жорий ўқув йили институт тарихида улкан ютуқларга, юксак натижаларга бой йиллардан бири сифатида тарих саҳифаларидан жой олди.
Институт талабалари орасидан жорий ўқув йилининг ўзида 15 нафар Ўзбекистон Республикаси Президенти номли давлат стипендиялари, 9 нафар Ажиниёз Қосибой ўғли номидаги стипендия ғолиблари етишиб чиқди.
Шунингдек, институт талаба-ёшлари республика ва халқаро фан олимпиадалари, “Талабалар лигаси”, “Беш ташаббус олимпиадаси”, “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси”, “Янги Ўзбекистон аёллар олимпиадаси” каби спорт мусобақаларининг республика финал босқичларида юқори натижаларни қўлга киритди.

Шу билан бирга, инноватор ёшлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси кубоги, “Бўлажак олим”, “Мирзо Улуғбек ворислари”, “Энг фаол йил талабаси” каби танловларда, республика ва халқаро грант танловларида ғолиб бўлди.
Тадбирда ўқув йили давомида илм-фан, таълим, маданият, спорт ва бошқа йўналишларда катта ютуқларга эришган талабаларнинг ота-оналарига ташаккурномалар топширилди. Тадбирда ташкил этилган концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.