Онам алласида улғайган тилим
Алла – она меҳрининг самимий ифодаси бўлиб, ушбу сеҳрли оҳанг гўдак қалб қўрида, онгу шуурида эзгу ҳислар куртак ёзишига сабабчи бўлади. Маънавий ёруғликдан баҳраманд бўлишнинг, миллий руҳда тарбиялашнинг, миллий тилимизни сингдиришнинг бош бўғини – она алласи билан боғлиқ.
Она алласи фақат чақалоқнинг ором олиши учун айтилмайди, балки унинг воситасида боланинг кўнгил дунёсига миллий руҳ киради. Она тилидаги меҳр-муҳаббат, наслий туйғулар ва орзулар гўдакнинг жисму жонида илдиз отади.

Шу боис Қашқадарё вилояти Косон туманининг барча маҳалла ва қишлоқларида миллий қадриятлар шукуҳи уйғунлашган “Онам алласида улғайган тилим” шиори остида ўтказиб келинаётган маънавий-маърифий тадбирлар катта-ю кичикка бирдек манзур бўлмоқда.
Тадбирларда меҳнатсеварлик, ташаббускорлик, фазилатлари билан ҳамфикр, ҳамнафас бўлаётган, туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига ўз ҳиссасини қўшиб, бугунги кунда халқпарвар, ватанпарвар, тиниб-тинчимас, фидойи, фаоллиги билан ёшларга ўрнак бўлаётган жонкуяр оқила аёллар, меҳрибон бувижонлар, онахонлар набира-ю эваралари билан шунингдек, ижодкор ёшлар иштирок этмоқда.

Дарҳақиқат, она тилини эъзозлаш, қадрлаш, серқирра имкониятларини, сўз бойлигини борлигича сақлаш, такомиллаштириш, давлат тили сифатидаги мавқейи ва нуфузини ошириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.

– Давлат тили тенгсиз бойлигимиздир, номус-оримиздир. Тил халқни янада жипслашишга, миллий қадриятларни асраб-авайлашга ундайди, – дейди Косон тумани ҳокими маслаҳатчиси М.Ҳайитова. – Албатта, бундай тадбирлар фақат ойлик давомидагина эмас, балки йил давомида мунтазам ўтказилади. Аллалар миллат мулки сифатида қадрланадиган она тилимизни ёш авлод онгига сингдириш ҳамда уларда она тилига ҳурмат туйғусини янада кучайтиришга хизмат қиладиган буюк маънавий хазина. Ёш авлодни ана шу руҳда тарбиялаш эса педагоглар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчи ҳисобланади. Яна бир ютуғимиз шундаки, тарғиботлар натижасида жамиятимиз аъзоларининг тилга бўлган муносабати ўзгариб, тил маданияти юксалиб бормоқда.

Масалан, туманнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланган “Пистали” маҳалласида “Она тилимда куйлайман” номли адабий-бадиий тадбир ташкил этилди. Тадбирда миллий куй қўшиқлар, лапарлар ҳамда айтишувлар, баҳру-байт айниқса, “Онам алласида улғайган тилим” мавзусидаги танлов ва унда фаол иштирок этган аёллар барчада катта таассурот қолдирди.
– 150 нафар набирам, 85 нафар эварам бор ва уларнинг барчаси ўз тилимда айтган аллам билан улғайган, – дейди танловнинг энг кекса иштирокчиси 95 ёшли Маҳкам момо. – Янги Ўзбекистоннинг фарзандлари учун доим алла она тилимизда жарангласин. Бугун ҳам уларга қарата аллани айтиб бердим.
Шунингдек, тадбир доирасида миллий таомлар, ҳунармандчилик ҳамда миллий либослар кўргазмалари ҳам ташкил этилди.
Ўлмас Баротов,
ЎзА.