Она замин саховати
Наврўз байрами арафасида Андижон вилоятининг барча шаҳар ва туманларида “Она замин саховати” деб номланган савдо ярмаркалари ташкил этилди.
Андижон шаҳар маркази ҳамда шаҳардаги ўн иккита маҳалла гузарида иш бошлаган шундай ярмаркалар расталарида “Андижонгўштсутсавдо”, “Андижонбалиқ” масъулияти чекланган жамиятлари, агрофирмалар, паррандачилик корхоналари, фермер хўжаликлари ва бошқа савдо ташкилотларининг элликдан ортиқ турдаги озиқ-овқат, мева-сабзавот ва полиз маҳсулотлари арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда.
Юртдошларимизнинг байрам дастурхони янада тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда.
– Ярмаркада нок, узум каби ёз неъматларигача мавжудлиги кўзни қувнатади, – дейди Андижон машинасозлик коллежи ўқитувчиси Мавжуда Ризаева. – Маҳсулотларнинг сифати, терминал орқали ҳам харид қилиш мумкинлиги ва нархининг бозорга нисбатан арзонлиги, айниқса, барчамизга манзур бўлмоқда.
Меҳр-оқибат, саховат ва згулик айёми бўлмиш Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан ташкил этилган савдо ярмаркалари аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, дастурхонларимиз тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.