Она ва бола саломатлиги муҳофазасида янги имкониятлар
ФОТОРЕПОРТАЖ
Сурхондарё вилоятида она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, айниқса, оғир аҳволда туғилган чақалоқларга ўз вақтида ва малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш борасида муҳим қадам ташланди.
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг вилоят филиалида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 20 ўринга мўлжалланган янги чақалоқлар реанимация бўлими барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.
Замонавий талаблар асосида ташкил этилган бўлим муддатидан олдин ёки оғир ҳолатда туғилган, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож чақалоқларни даволаш ва уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имкониятларини янада кенгайтиради.
[gallery-31008]
Бу каби имкониятлар вилоятда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизими изчил такомиллашиб бораётганидан далолат беради.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган етти ойи давомида вилоятда 38 минг 449 та туғруқ қайд этилиб, 38 минг 314 нафар чақалоқ тирик туғилди. Шу даврда чақалоқлар ўлими ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 нафарга камайди.
Айни пайтда филиалда замонавий диагностика ва даволаш усулларини жорий этиш, жумладан, ҳомиладор аёллар саломатлигини назорат қилиш, касалликларни эрта аниқлаш ҳамда мураккаб ҳолатларда юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятлари кенгайтирилмоқда.
Жонибек ҚЎЗИМУРОДОВ(сурат),ЎзА