Она ва бола саломатлиги — ҳамиша долзарб вазифа
Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиб, бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2024 йил 5 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам соғлиқни сақлаш тизимидаги долзарб масалалар қаторида мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратилган.
Йиғилишда ҳар бир она ва бола ўлимига фавқулодда ҳолат сифатида қараш, масъулиятни ошириш ҳамда тиббий хизмат сифатини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.
Сирдарё вилоятида мазкур устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида комплекс ёндашув асосида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида “хавф гуруҳи”га кирувчи аёллар билан ишлаш механизми қайта кўриб чиқилиб, замонавий тиббий протоколлар амалиётга жорий этилди. Энг муҳими, профилактика ва эрта ташхис устувор йўналишга айланди.

– 2026 йил 1 январь ҳолатига кўра, вилоят аҳолиси 930 минг нафардан ортиқни ташкил этади. Уларнинг қарийб ярмини аёллар ташкил этиши репродуктив саломатликни муҳофаза қилиш масаласининг янада долзарблигини оширади, – дейди Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Гулнора Қуватова. – 2025 йил давомида туғиш ёшидаги қарийб 250 минг нафар аёлнинг 98 фоиздан ортиғи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.

Улардан 79 139 нафари, яъни 32,2 фоиз аёлда турли хил экстрагенитал касалликлар аниқланди. Ҳозирги вақтда ушбу аёлларнинг 8 968 нафари, яъни 11,8 фоизи стационар шароитда, 67 125 нафари, яъни 88,2 фоизи амбулатор шароитда соғломлаштирилди. Жами экстрагенитал касалликлар аниқланган аёлларнинг 76 093 нафари, яъни 96,2 фоизи соғломлаштириш чоралари билан қамраб олинди.
Ўтказилган чуқурлаштирилган тиббий кўрик натижаларига кўра, 4 432 нафар аёлда камқонлик, 787 нафарида буйрак касалликлари, 489 нафарида ошқозон-ичак касалликлари, 233 нафарида эндокрин тизим касалликлари, 544 нафарида нафас олиш органлари касалликлари ҳамда 80 нафарида юрак-қон томир касалликлари аниқланган.

Бу нима дегани? Демак, муаммо мавжуд. Ва бу муаммони фақат даволаш билан эмас, балки профилактика, тўғри овқатланиш ва соғлом турмуш тарзи орқали ҳал этиш зарур.
Шу боис мазкур масалага алоҳида ёндашув асосида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирларга устувор аҳамият қаратилмоқда.
Бундан ташқари, нафақат бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари, балки Республика Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё вилояти филиали, шунингдек, Сирдарё, Янгиер ва Оқолтин туманлараро перинатал марказлари ҳамда туғруқ бўлимларида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимлари ҳам профилактика ва эрта ташхис масалаларига алоҳида эътибор қаратишмоқда.
– Ана шу ишлар самарасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги «Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида маҳаллалар уюшмасининг ҳудудий ҳамда вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармаси билан ҳамкорликда жойларда “маҳалла еттилиги” иштирокида аёллар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш, уларни эрта аниқлаш, даволаш ҳамда оқибатлари бўйича тушунтириш ишларини ташкил этиш режаси тасдиқланди ва тиббиёт муассасалари томонидан изчил амалга ошириб келинмоқда, – дейди Гулнора Қуватова.
Бачадон бўйни саратонини эрта аниқлаш мақсадида 2025 йил давомида Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи 30-55 ёшдаги 85 525 нафар аёл скрининг текширувидан ўтказилди ва улар орасидан 62 нафар аёлда саратон касаллиги аниқланди. Сут бези саратонини эрта аниқлаш бўйича эса 62 286 нафар аёл маммографик скрининг текширувларидан ўтказилиб, натижада 127 нафар аёлда касаллик эрта босқичда аниқланди ҳамда уларнинг барчаси тўлиқ соғломлаштирилди.
Болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, уларнинг соғлом ўсиши ва ривожланишини таъминлаш мақсадида профилактик тиббий кўриклар ҳамда миллий эмлаш тақвимига мувофиқ эмлаш тадбирлари тўлиқ қамровда амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, болалар ўртасида юқумли ва юқумсиз касалликларнинг олдини олиш, соғлом овқатланиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича профилактик ишлар изчил давом этмоқда.
Масалан, Сирдарё вилоятида жами 147 362 нафар 0–18 ёшдаги болаларнинг 146 422 нафари, яъни 99,4 фоизи чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра, 51 226 нафар бола “Д I”, 31 402 нафар бола “Д II”, 3 061 нафар бола эса “Д III” диспансер гуруҳига ажратилди.
Касаллик аниқланган 26 167 нафар боланинг барчаси соғломлаштирилди. Уларнинг 23 620 нафари амбулатор, 1 822 нафари стационар ва 444 нафари санаторий шароитида даволанди.
Болаларда онкогематологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида 3–18 ёшдаги 244 487 нафар бола оммавий скрининг текширувидан тўлиқ ўтказилди. Шунингдек, 3 038 нафар бола селектив текширувга жалб этилди ва натижада 35 нафар болада онкогематологик касалликлар эрта босқичда аниқланди.
Гельминтоз касалликларини эрта аниқлаш бўйича 2-10 ёшдаги 165 389 нафар боланинг 134 894 нафари скрининг текширувидан ўтказилди. Текширув натижасида 2 577 нафар болада гельминтоз касаллиги аниқланиб, улар соғломлаштирилди.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги томонидан мазкур йўналишда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, оилаларни қўллаб-қувватлаш ва соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Шу мақсадда маҳаллаларда профилактик тадбирлар, аҳоли билан учрашувлар, тиббий маслаҳатлар ва кенг кўламли тарғибот ишлари йўлга қўйилган.
2025 йилда вилоятдаги 221 та маҳаллада “Соғлом оила маслаҳатхонаси” ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар уларнинг 54 таси фаолият бошлади. Маслаҳатхоналарда ҳафтанинг ҳар куни режа-график асосида суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.
Маҳаллаларда “Репродуктив саломатликнинг асосий тамойиллари”, “Соғлом оилани шакллантириш”, “Эрта турмуш ва эрта ҳомиладорликнинг салбий оқибатлари”, “Исталмаган ҳомиладорлик”, “Қариндошлар ўртасидаги никоҳ”, “Туғма ва ирсий касалликларга чалинган болалар туғилишининг олдини олиш” мавзуларида аҳолининг тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари ҳамда фуқаролар билан давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Ҳозир вилоятда 3 та туманлараро перинатал марказ, 6 та туғруқ комплекси, 10 та марказий кўп тармоқли поликлиника ва 45 та оилавий поликлиника аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда қўшимча ўринлар яратиш бўйича ишлар изчил давом этмоқда.
– Оналар саломатлиги билан бир қаторда болалар саломатлигини муҳофаза қилиш ҳам алоҳида эътибор марказида, – дейди Гулнора Қуватова. – Вилоятда 0–18 ёшли болаларнинг қарийб 100 фоизи тиббий кўрикдан ўтказилиб, аниқланган касалликлар бўйича улар тўлиқ соғломлаштирилди.
Бунда онкогематологик ва паразитар касалликларни эрта аниқлашга қаратилган скрининг дастурлари сезиларли натижа бермоқда. Шунингдек, маҳаллаларда ташкил этилган “Соғлом оила маслаҳатхонаси” аҳоли ўртасида тиббий маданиятни оширишда муҳим ўрин тутмоқда. Бу ерда фуқароларга репродуктив саломатлик, эрта никоҳнинг салбий оқибатлари, соғлом турмуш тарзи ҳамда оилавий муносабатлар маданияти бўйича тушунчалар бериб борилмоқда.
Бу каби чора-тадбирлар оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, эрта туғруқлар ва ногиронлиги бўлган чақалоқлар туғилишининг олдини олишда самара бермоқда. Хусусан, қисқа оралиқдаги туғруқлар, кўп маротабалик туғруқлар ҳамда юқори ёшдаги аёллар орасидаги туғруқлар сони бундан беш-олти йил аввалги даврга нисбатан сезиларли даражада камайган.
Муҳими, она ва бола саломатлиги — бу бир кунлик ёки бир йиллик вазифа эмас. Бу узлуксиз, тизимли ва ҳамжиҳатликда амалга ошириладиган жараёндир. Чунки соғлом авлод шунчаки шиор эмас, балки келажак масаласидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири