Она тилимиз ҳақида фақат Ўзбек тили байрами куни эмас, ҳар куни қайғурайлик
Она тилимиз ҳақида гап кетса, "миллий ғуруримиз", "уни асрашимиз керак", "ёшлар ўзбек тилини яхши билиши шарт" деган гапларни кўп эшитамиз. Буларнинг барчаси тўғри. Аммо бир савол бор: агар тилимизни шунчалик яхши кўрсак, нега унинг кундалик ҳаётдаги мавқеи ҳануз кўнгилдагидек эмас?
Аччиқ ҳақиқат шуки, ўзбек тилига энг катта хавф ҳар доим ҳам четдан келмайди. Баъзан муаммони ўзимиз яратамиз: тилни яхши кўрамиз, аммо унга етарлича эҳтиёж яратмаймиз, уни мақтаймиз, аммо ишлатишга келганда осонроқ йўлни танлаймиз.
Тилни бир кун эмас, ҳар куни ҳурмат қилиш керак
Бизда тил ҳақида гапиришнинг ўзига хос бир одати бор: 21 октябрь – Ўзбек тили байрами яқинлашса, давлат тили ҳақида кўп гапирамиз, тадбирлар ўтказамиз, шеърлар ўқиймиз, ижтимоий тармоқларда чиройли табриклар жойлаймиз. Кейин эса яна бир йилга жим бўлиб қоламиз.
Аслида тилнинг тақдири бир кунлик тадбир билан белгиланмайди. У автобусда, бозорда, дўконда, ишхонада, оилада ва ижтимоий тармоқларда ҳар куни қандай ишлатилаётгани билан белгиланади.
Мен Самарқанд шаҳрида яшайман. Кундалик ҳаётда бунга жуда кўп мисол учрайди. Масалан, автобусда йўловчиларга хизмат кўрсатаётган одамнинг ўзбекча гапираётгани яхши, лекин баъзан гаплар шундай аралашиб кетадики, одам қайси тилда мулоқот бўлаётганини ҳам англашга қийналади. Яна бир қизиқ ҳолат: шаҳарнинг автобус бекатларига янги, расмий номлар берилган. Аммо айрим норасмий паттачилар ҳали ҳам «Арақзавод!», «Дагбитский!», «Гелион!», «Паварот!», «Булвар!», «ГУМ!», «Областной!» деб йўловчиларга бекатларнинг эски номларини эслатади.
Бу ерда масала фақат бекат номида эмас. Норасмий одатлар баъзан расмий ўзгаришлардан ҳам кучлироқ яшовчан бўлади. Демак, тил ва номлар масаласида қоғоздаги қарорнинг ўзи етарли эмас, одамларнинг кундалик одати ҳам ўзгариши керак.
«Замонавийлик»ни ўз тилимиздан узоқлашиш деб тушунмаслик керак
Кўп тил билиш – албатта, катта бойлик. Инглиз, рус ёки бошқа тилларни яхши ўзлаштириш инсоннинг имкониятларини кенгайтиради. Муаммо чет тилида эмас, ўз тилини билишни иккинчи даражали деб қабул қилишда.
Бир танишимникига меҳмонга бордим. Ўғлига бир-икки оғиз гапирдим, аммо у жавоб қайтармади. Унинг ўрнига отаси фахр билан жавоб берди:
– Ўғлим рус мактабида ўқийди, рус тилини жуда яхши билади. Қўшимча равишда яна икки чет тилини ўрганяпти. Уйда ҳам рус тилида гаплашамиз. Шунинг учун унга ўзбекча гапирсангиз, яхши тушунмайди.
Албатта, фарзанднинг бир нечта тилни билиши қувонарли. Аммо шу суҳбатда бир савол мени ўйлантирди: бола дунёнинг бир нечта тилини ўрганаётган бир пайтда, ўз тилида эркин гапириш, фикрлаш имкониятидан айрилмаяптими? Биз фарзандларимизни дунё билан мулоқот қилишга тайёрлаяпмиз. Аммо улар ўз тилида ҳам бемалол ўқиб, фикрлаб, ўзини ифода эта олишига шароит яратяпмизми?
Болага «ўзбек тилини сев» дейишнинг ўзи камлик қилади. Агар у ўзбек тилида сифатли китоб, қизиқарли кино, замонавий технология, илм-фан ва касбий билим топа олса, бу тилга эҳтиёжи ҳам ортади. Тилнинг нуфузи шиор билан эмас, унга бўлган эҳтиёж билан ошади.
Шунинг учун «нега бошқа тилда гапиряпсан?» деб койишдан олдин, «ўзбек тилида унга нимани таклиф қилдик?» деган саволни ўзимизга беришимиз керак.
Ижтимоий тармоқдаги битта гап ҳам тилга муносабатни кўрсатади
Тил ҳурмати фақат катта-катта нутқларда эмас, ёзган бир жумламизда ҳам кўринади.
Бугун ижтимоий тармоқларда ўзбекча ёзишмаларни кўрамиз: имло қоидаларига эътибор йўқ, сўзлар қисқартирилган, гаплар чала, лотин ва кирилл ҳарфлари аралаш, баъзан эса бир жумлада уч-тўрт тил қоришиб кетган. Албатта, мессенжерда ҳар бир хабарни илмий мақола даражасида ёзиш шарт эмас. Лекин доимий чаласавод ёзиш одатга айланса, бу тилга муносабатимиз ҳақида нима дейди?
Яна бир муаммо – «ўзбекча бўлса бўлди» деган қараш. Сифатсиз таржима, сунъий иборалар, тушунарсиз расмий матн ёки имловий хатоларга тўла контентни «миллий контент» деб қўллаб-қувватлаш тилга катта хизмат эмас.
Масалан, бирор мураккаб тиббий ёки ҳуқуқий масалани интернетдан излаган одам ўзбек тилида аниқ ва содда тушунтирилган маълумот топмаса, бошқа тилдаги манбага ўтади. Бунинг учун уни айблаб бўлмайди. Одам сифатли ахборотни қаердан топса, ўша ерга боради.
Шунинг учун тилни асрашнинг энг яхши йўлларидан бири – унда сифатли нарсаларни кўпайтириш: яхши китоб, мазмунли мақола, сифатли видеолар, подкастлар, илмий ва касбий манбалар, тушунарли таржималар.
Тилни қонун эмас, кундалик эҳтиёж кучайтиради
Тилнинг ҳуқуқий мақоми жуда муҳим. Лекин қонун тилга мақом бериши мумкин, унинг обрўсини эса жамият яратади.
Кўчада автобус кутаётган одамнинг қайси тилда гапираётгани, бозорда сотувчи харидор билан қандай мулоқот қилаётгани, шифокор беморга маълумотни қандай тушунтираётгани, давлат идорасида фуқарога қандай хизмат кўрсатилаётгани – мана шу оддий ҳолатлар тилнинг ҳақиқий мавқеини белгилайди.
Биз ўзбек тили – давлат тили деб айтамиз. Лекин давлат тили бўлишнинг ўзи етарли эмас. У замонавий ҳаётнинг барча соҳаларида қулай, аниқ ва сифатли ишлай оладиган тил бўлиши керак.
Бизнесда, технологияда, сунъий интеллектда, тиббиётда, ҳуқуқда, таълимда ва илм-фанда ўзбек тилида яхши ишлаш имкони қанча кўп бўлса, унинг мавқеи шунча мустаҳкам бўлади.
Шунда одам ўзбек тилини «ватанпарварлик учун» эмас, унга ҳақиқатан эҳтиёж сезгани учун ишлатади.
Энг катта хавф – тилимизни ўзимиз кераксиз қилиб қўйишимиз
Тилни бошқа тиллардан сўз кириб келаётгани учун йўқотиб қўймаймиз. Тиллар доимо бир-биридан сўз олади. Муаммо – ўз тилимизда аниқ ва тушунарли сўз бўлатуриб, бошқа тилдаги атамани «замонавийроқ» деб билишимизда.
Тилни бир кунда ҳам йўқотиб қўймаймиз. Аввал унга бўлган эҳтиёж камаяди. Кейин унинг нуфузи пасаяди. Кейин фарзандларимиз унда мураккаб мавзулар ҳақида фикрлашни ўрганмай қўяди. Ва охирида ўз тилимизда гапиришнинг ўзи бизга ноқулай туюла бошлайди.
Шунинг учун тил масаласини фақат тилшуносларга, мактабларга ёки давлат идораларига юклаб қўйиш нотўғри.
Бугун автобусда, бозорда, ишхонада, оилада, интернетда ва фарзандимиз тарбиясида тилга қандай муносабатда бўлсак – эртага тилимизнинг ҳолати шундай бўлади.
Она тилимиз ҳақида фақат 21 октябрь куни гапирмайлик. Уни ҳар куни ишлатайлик, бойитайлик, унда сифатли контент яратайлик, фарзандларимизга унда ҳам дунё борлигини кўрсатайлик.
Чунки тилимизнинг энг катта ҳимоячиси ҳам, энг катта хавфи ҳам ўзимиз.
Тўлқин Сиддиқов,
Республика “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси.
ЎзА