Она тили байрами нишонланди
Наманган шаҳридаги “Адиблар хиёбони”да ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Наманган шаҳридаги “Адиблар хиёбони”да ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Хиёбонлар одатда бошқа жойлардан фарқли тарзда одамлардан холироқ, сокинроқ бўлади. Бугун “Адиблар хиёбони” кузнинг тароватли тонгида ўзгача шукуҳ касб этди. Бу ерга эрта тонгдан вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари жамоалари, ёзувчи ва шоирлар, тилшунос олимлар, нуронийлар ва ёшлар вакиллари байрамона кайфиятда тўплана бошлади. Кузги заррин либосга бурканган маъвода таралаётган Севара Назархон ижросидаги “Улуғимсан, Ватаним” қўшиғи авж пардасида қалбларни ҳаяжон билан титратади.
Тадбир аввалида сўзга чиққан шоир Зиёвиддин Мансур, вилоят ҳокимининг ўринбосари Пахриддин Маткаримовлар томонидан буюк ўзбек тилининг миллий давлатчилигимиз тарихидаги ўрни, унинг давлат тили мақомида Ватанимиз, халқимиз келажаги, ёруғ истиқболини белгиловчи беқиёс аҳамияти яна бир бор таъкидланди.
Она тилимизни улуғлашга бағишланган маросим шу мавзудаги мушоира билан янада сайқал топди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Гулчеҳра Шаҳобиддин қизи, Ўктамой Холдорова, Жамолиддин Муслим каби таниқли шоирлар ўқиб берган шеърлар она тилимизнинг жозибадор қирралари, Ватанга бўлган меҳр-муҳаббат ва садоқат оҳанглари билан тадбир иштирокчилари қалбига ғурур бағишлади.
Шундан сўнг вилоят ҳокимлиги, Наманган шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда муассасалари жамоалари хиёбон марказидаги Бобораҳим Машраб ва унинг атрофидаги вилоятда яшаб ижод қилиб ўтган таниқли адиб ва шоирлар ёдгорликлари пойига гуллар қўйди.
Қутлуғ санага бағишланган тадбир вилоят мусиқали драма ва комедия театрида “Ўзбек тили гўзал ва бетакрордир!” деб номланган илмий, адабий-бадиий, мусиқий кеча билан давом этди.




