Ўн икки йилда қайта тикланган “Атиргул”
Миллий матбуот марказида Журналистлар ижодий уюшмаси томонидан телевидение, радио, босма ва интернет нашрлари, ахборот хизматлари, шунингдек, журналистика соҳасида илмий фаолият олиб бораётган хотин-қизлар ўртасида ўтказилган “Атиргул” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда танлов ҳайъати аъзолари, танлов иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва блогерлар қатнашди.
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси раиси Олимжон Ўсаров ва бошқалар юртимизда журналистика соҳасига кўрсатилаётган эътибор аёл ижодкорларни қўллаб-қувватлашда ҳам яққол намоён бўлаётганини таъкидладилар.
Уюшма “Атиргул” танловини қайта тиклагани ижодкор хотин-қизларга бўлган эътиборнинг яна бир амалий ифодасидир. Аҳамиятга молик жиҳати, мазкур танлов ўн икки йилда қайта тикланди.
Сўнгги йилларда молиявий сабабларга кўра ўтказилиши тўхтаб қолган ушбу танловни қайта тиклашдан кўзланган мақсад мамлакатимизда журналист аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ижодий салоҳиятини намоён этишга кўмаклашиш, эришган ютуқларни эътироф этиш ва уларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугунги кунда аёлларнинг барча соҳа ва тармоқлардаги ўрни ва таъсири ортиб бораётганини мамлакатимизда меҳнат билан банд аҳолининг 45 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётганида ҳам яққол кўриш мумкин. Мамлакатимиз бошқарув тизимида аёлларнинг улуши 33 фоизга етгани, юртимиз бўйича бир ярим мингга яқин хотин-қизлар турли даражадаги раҳбарлик лавозимларида ишлаётгани, давлат ва жамият бошқарувида уларнинг иштирокини кучайтириш мақсадида олти минг нафардан зиёд фаол хотин-қизлардан иборат кадрлар захираси шакллантирилгани эътирофга моликдир.
Юртимиз тараққиёти йўлидаги эзгу мақсадларни рўёбга чиқариш, янгиланаётган Ўзбекистон руҳига мос янгича тафаккур тарзини шакллантириш, умуминсоний қадриятдарни тарғиб этиш, ёш авлод маънавиятини юксалтиришда журналист опа-сингилларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта.
[gallery-6005]
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси миллий оммавий ахборот воситаларини изчил ривожлантириш, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, жаҳон андозалари талаблари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шароитларни яратиш, журналист аёлларнинг касбий маҳорати, интеллектуал савиясини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда олий ўқув юртларини тамомлаб, журналистика соҳасига кириб келаётган кадрларнинг 60-70 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани, оммавий ахборот воситаларида кўпчилик аёллар меҳнат қилаётгани барчага маълум.
Медиа фаолият билан шуғулланаётган зукко опа-сингилларимиз томонидан тайёрланган мақолалар, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларда наинки касб маҳорати, балки қалб қўри, аёллик назокати ҳам сезилиб туради. Республикамиз миқёсида ўтказиладиган журналист хотин-қизлар ўртасидаги танловнинг “Атиргул” деб номланиши бежиз эмас. Зеро, атиргул тимсолида аёл нафосати ва гўзаллиги мужассамдир.
Бугунги кунда журналист аёлларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Уларнинг ижтимоий -сиёсий фаоллиги давлатимиз ва жамиятимиз учун муҳимлигини даврнинг ўзи кўрсатмоқда.
Танловда юртимизнинг барча ҳудудларидан 107 нафар журналист аёл 1500 дан ортиқ ижодий ишлари билан қатнашди. Иштирокчилар сафида энг фаоли қорақалпоғистонлик аёллардир.
“Инсон қадри улуғланган энг яхши материаллар учун” йўналиши бўйича энг кўп - 150 дан ортиқ ишлар келиб тушди. “Журналистика соҳасидаги энг яхши илмий-тадқиқоти учун” ва “ОАВ билан фаол ва тезкор ишлагани учун” йўналишларида ҳам хотин-қизларининг фаоллиги яққол кузатилди. Айни пайтда нодавлат оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам танловда фаол қатнашди.
Ижодий танловнинг турли номинациялари бўйича 16 нафар журналист аёл ғолиб топилди.
– Инсон қадрининг улуғлангани ушбу танловда ҳам ўз ифодасини топмоқда, – деди “Фарғона ҳақиқати” газетаси бўлим мудири, “Атиргул” танловнинг 2022 йилги рағбатлантирувчи мукофоти ғолибаларидан бири Севара Алижонова. – “Инсон қадри улуғланган энг яхши материаллари учун” номинацияси бўйича ғолиб бўлганимдан мамнунман. Бу мукофот янада тиғли, ўткир материаллар тайёрлашга имкон беради. Зеро, қадр энг яхши мукофотдир.
Тадбирда кўплаб номинациялар бўйича ғолиб журналист опа-сингилларимизга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, табаррук ёшни қаршилаган бир гуруҳ журналист аёллар ҳам тақдирланди.
Назокат Усмонова, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА