Омонатни фоизга қўйиш судхўрликми?
Бугунги кунда кўпчилик банкда омонат сақлашни судхўрлик, дея баҳолаши одат тусига кирмоқда.
Бугунги кунда кўпчилик банкда омонат сақлашни судхўрлик, дея баҳолаши одат тусига кирмоқда.
Наҳотки, уйда бекорга турган маблағни омонатга қўйиш ва бу орқали юрт иқтисодини юксалишга ҳисса қўшиш гуноҳ бўлса?!
Бу саволларга айни вақтда юртимизда биринчи марта ўтказилаётган “МДҲ – Ислом банкчилиги ва молияси бўйича форум - 2019” меҳмони, Мисрдаги "ITS" компанияси бош директори ва таъсисчиси Муҳаммад Магди Ориф шундай жавоб берди:
– Биз кўплаб мамлакатларда анъанавий ва замонавий банк тизими фаолиятини исломий банк талаблари асосида ўзгартиришга яқиндан кўмак берганмиз. Мисол учун, ҳозирда Мисрдаги энг катта ва ислом оламидаги биринчи банкни ҳам биз ташкил этганмиз. Айни вақтда Марказий Осиё бозорига қизиқиб турибмиз. Шу кунларда Тожикистондаги “Соҳибкорбанк”ка яқиндан кўмак беришни бошладик. Ўзбекистондан ҳам ҳамкорлар топиш истагида бешта банк фаолияти билан қизиқиб турибмиз. Лекин иқтисодий масала ва тижорат сирининг ўзига хос нозик жиҳатларини инобатга олиб, бу банкларнинг номини олдиндан айтишни лозим кўрмайман.

Энди омонатлар масаласига келадиган анъанавий банкларда мавжуд барча хизматлар ислом молияси банкларида ҳам бор. Бироқ, уларда бу маблағлардан фойдаланиш ва ҳисоблаш формуласи бир-биридан фарқ қилади. Анъанавий банкларнинг қоидаларини билганингиз учун унга тўхталмай, сизларга бу борада исломий банкнинг тартибини тушунтиришим мумкин. Унда ҳам омонатга қабул қилинади. Бироқ, уни ишлатишда фарқ катта. Бу тизимда фойдани фоиз орқали олиш йўқ. Яъни мижоз маблағини банкка олиб келгач, банк унинг розилиги билан бу маблағни унинг номидан бирор-бир лойиҳага жалб этади. Бу мижоздан сир сақланмайди. Берилган маблағнинг фойда, зарари шаърият талаблари асосида яратилган дастурда автоматик ҳисобланади.
Исломий банклар мулкни лизингга бериш шартлари асосида инвестицион фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга. Бироқ, исломий банк билан тузиладиган ижара шартномаси талаблари ижарага олинган мулкни пул эвазига сотиб олиш ҳуқуқини назарда тутмайди.