Оммавий спортни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Профессионал спортда юксак натижаларга эришишда оммавий спортни ривожлантириш, жойларда спорт инфратузилмасини янги босқичга олиб чиқиш муҳим омил ҳисобланади.
Спорт вазирлиги мажлислар залида аҳолини оммавий спортга жалб қилиш тизимини кенгайтириш бўйича ўтказилган Республика штабининг навбатдаги йиғилишида шу ҳақда сўз борди.

Спорт вазири Адҳам Икромов бошчилигида ўтказилган йиғилишда вилоят, туман ва шаҳар штаб аъзолари ҳамда оммавий спортни ривожлантиришга масъул вазирлик ва идораларнинг мутасаддилари иштирок этди.

Йиғилишда оммавий спортни ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолати ҳамда бу борада жойлардаги тизим ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларининг масъулияти, "Беш ташаббус олимпиадаси", "Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси" спорт мусобақаларининг ўтказилиш масалалари кўриб чиқилди.

Муҳокамалар жараёнида маҳалла ёшлари ўртасида ўтказилаётган спорт мусобақалари ва унда ёшларнинг қамрови, “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида умумтаълим мактаб ўқувчилари, идора ва ташкилотлар ходимлари ҳамда Олий ва касбий таълим муассасалари талаба ва ўқувчилари ўртасида ташкил этиладиган спорт мусобақалари тўғрисида масъулларнинг ҳисоботлари тингланди.

Йиғилиш якунида ҳар бир ҳудудда, маҳаллаларда аҳолининг жисмоний фаоллигини ошириш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш юзасидан мутасаддиларга тегишли вазифалар белгиланди.
Т.Рўзиев, ЎзА