Омбудсман: хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси эътиборда
Жамиятимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳудудий ваколатхонаси томонидан хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга ҳуқуқий, ижтимоий ва маънавий ёрдам кўрсатиш соҳасида тизимли, изчил ва манзилли ишлар олиб борилмоқда.
— Жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган 49 та мурожаат келиб тушди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили(Омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакили Женисбай Шлимбетов. — Ушбу мурожаатлар ваколат доирасида тегишли давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ҳар томонлама ўрганилди. Олиб борилган тезкор ва самарали ҳаракатлар натижасида оғир аҳволга тушиб қолган ва ҳуқуқлари бузилган 3 нафар аёлга “ҳимоя ордери” берилишида кўмак берилди. Келиб тушган шикоятлар ҳар томонлама таҳлил қилинганда, афсуски, яшириб бўлмайдиган бир ҳақиқат юзага чиқди. Бошқача айтганда, хотин-қизларга нисбатан оилавий зўравонлик ҳолатларининг сабаб ва шароити таҳлил қилинганда, уларнинг асосий қисми ўз турмуш ўртоқлари томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари эканлиги маълум бўлди. Бу ҳолатлар оилаларда маънавий-маърифий муҳит соғломлаштирилишини, оилавий қадриятлар мустаҳкамланишини ҳамда маҳаллаларда профилактик ишлар кўламини янада жонлантиришни тақозо этмоқда.

Омбудсман томонидан “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида зўравонликка учраган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва психологик ҳимоясини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Хусусан, ушбу платформа доирасида мобил “Ҳуқуқий ёрдам автобуси” тадбирлари ўтказилиб, чекка ва олис ҳудудларда яшаётган хотин-қизларга бевосита манзилли ҳуқуқий маслаҳат ҳамда психологик ёрдам берилди. Шунингдек, ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Бундан ташқари, Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларида ташкил этилган тадбирлар давомида зўравонликка учраган 47 нафар хотин-қиз билан жамоавий ва якка тартибдаги суҳбат олиб борилди. Ушбу жараёнга жалб этилган тажрибали ҳуқуқшунос ва психологлар томонидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ва махсус психологик тренинглар ўтказилди. Ўтказилган тренинглар оғир руҳий ҳолатга тушиб қолган хотин-қизларнинг ўзларига бўлган ишончини уйғотиш, жамиятга ва оилавий муҳитга қайта мослашишда муҳим омил бўлиб хизмат қилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, оиладаги зўравонликнинг олдини олишда фақат унинг оқибатлари билан курашиш ёки жабрланувчига ёрдам бериш билан кутилган натижага эришиб бўлмайди. Шу сабабли ҳам, “Тенглик ва ҳурмат” платформаси доирасида муаммонинг илдизини аниқлаш ва манзилли чоралар кўриш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш билан бир қаторда, тазйиқ ва зўравонлик содир этган ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик хулқ-атворини ўзгартиришга қаратилган турли тадбирлар ўтказилмоқда.
Қорақалпоғистон Республикасида хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилади. Зеро, жамиятнинг асоси бўлган хотин-қизларнинг ҳуқуқий ҳимояси давлатимиз ва Омбудсманнинг доимий эътиборида.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири