"Омбудсман мактаби": очиқ мулоқотлар
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Бу борада Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан амалга оширилаётган ташаббуслар аҳоли ўртасида катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ана шундай лойиҳалардан бири — “Омбудсман мактаби” платформаси бўлиб, унинг доирасида республика ҳудудларида аҳоли билан очиқ мулоқотлар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ва сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.
Навбатдаги очиқ мулоқот Бухоро вилояти Бухоро туманидаги “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилди. Унда маҳалла аҳли, фаоллар, ёшлар ва хотин-қизлар иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий масалалар юзасидан мутахассислардан атрофлича маълумот олди.

Тадбир давомида иштирокчиларга бугунги кунда долзарб аҳамият касб этаётган кибержиноятчилик ва молиявий фирибгарликнинг олдини олиш чоралари ҳақида тушунчалар берилди. Шунингдек, меҳнат муносабатлари, ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиблари, меҳнат ҳуқуқларининг ҳимоя қилиниши, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларида фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир иштирокчилари томонидан ҳуқуқий ҳимоя, ижтимоий таъминот, мурожаат қилиш тартиблари ва бошқа масалалар юзасидан берилган саволларга мутахассислар томонидан аниқ ва ҳуқуқий асосланган жавоблар қайтарилди.

–Аввало, мазкур лойиҳа аҳолининг ҳуқуқий билимларини оширишга хизмат қилади, –дейди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова. –Кўп ҳолларда фуқаролар ўз ҳуқуқларини билмагани сабабли турли муаммоларга дуч келади. “Омбудсман мактаби” орқали биз одамларга ҳуқуқларини англатиш, уларни ҳимоя қилиш механизмларини тушунтириш ва мурожаат қилиш маданиятини шакллантиришни мақсад қилганмиз. Бугунги кунда кибержиноятчилик, интернет орқали фирибгарлик ҳолатлари, меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалалар долзарб ҳисобланади. Шунинг учун ушбу мавзулар бўйича аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор беряпмиз. Сайёр қабуллар фуқаролар муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш имконини беради. Бу орқали одамлар марказларга бориб овора бўлмасдан, ўз яшаш ҳудудида туриб мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Ҳар бир мурожаат қонунчилик асосида кўриб чиқилиб, тегишли чоралар белгиланади.

Очиқ мулоқотдан сўнг Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили томонидан сайёр қабул ҳам ташкил этилди. Қабул жараёнида фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя, меҳнат муносабатлари, ҳуқуқий ёрдам ва бошқа масалалар бўйича мурожаатлари қабул қилиниб, уларни ҳал этиш юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси аҳоли ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш ва фуқаролар билан давлат идоралари ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, маҳаллаларда ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ва сайёр қабуллар одамларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларга ечим топишда самарали майдон бўлиб хизмат қилмоқда.


Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш йўлида бундай ташаббусларнинг изчил давом эттирилиши аҳолининг давлат ва жамият институтларига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири