Олтин водий гиламлари харидорларга манзур бўлмоқда
Андижон вилояти Асака туманидаги Файзобод қишлоғида фаолият кўрсаётган “Oltin vodiy gilamlari” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган гиламлар харидорларга манзур бўлмоқда.
Андижон вилояти Асака туманидаги Файзобод қишлоғида фаолият кўрсаётган “Oltin vodiy gilamlari” масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган гиламлар харидорларга манзур бўлмоқда.Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов раҳнамолигида саноат корхоналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлашга қаратилган алоҳида эътибор юксак самаралар бермоқда.
Буни Асака туманидаги “Oltin vodiy gilamlari” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Жамиятда дастлаб икки турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилган бўлса, замонавий тикув ва тўқув дастгоҳлари ўрнатилгач, ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳсулот тури янада ортди. Айни пайтда корхона йилига 20 минг квадрат метр гилам ишлаб чиқариш қувватига эга.
– Ҳудудий корхоналарнинг барқарор ишлаши ва самарали фаолият юритиши учун яратилаётган имкониятлар ишлаб чиқариш ҳажмини йилдан-йилга оширишга хизмат қилмоқда, – дейди корхона раҳбари Баҳодир Мирзаҳамдамов. – Жорий йилнинг биринчи ярмида корхонамизда 680 миллион сўмликдан зиёд 10 дан ортиқ турдаги гиламлар ишлаб чиқарилди. Турли ўлчамларда тайёрланаётган маҳсулотларимиз сифати ва бежиримлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гиламга босилаётган гулларда рангларнинг сержилолиги, миллийлик, халқимизнинг ўзига хос қадриятлари уйғунлиги маҳсулот харидоргирлигини таъминламоқда.
Корхонанинг тўқув, тикув ва қадоқлаш участкаларида 60 дан зиёд ишчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлардир. Ишчи-хизматчиларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилган, махсус кийим билан таъминланган, барча қулайликларга эга дам олиш ҳамда тиббиёт хоналари ташкил этилган.
– Бир неча йилдан буён шу ерда ишлайман, – дейди тўқувчи Эркиной Охунова. – Замонавий дастгоҳларда чиройли, ранг-баранг гиламлар тўқишдан завқланаман. Биз тўқиган гиламлар хонадонларга кўрк бағишлаётганидан фахрланамиз.