Олтин ва кумуш медаллар қўлга киритилди
Қирғизистон Республикасида ўтказилаётган VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида иштирок этаётган сирдарёлик спортчилар муносиб натижаларни қайд этмоқда. Мусобақаларда вилоят вакиллари белбоғли кураш ва қирғиз кураши бўйича олтин ва кумуш медалларга сазовор бўлишди.
Жумладан, Чўлпон-Ота шаҳрида белбоғли кураш бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Гулистон давлат педагогика институти талабаси Сардорбек Ахатқулов 82 килограмм вазн тоифасида баҳс олиб борди.

У мусобақа давомида барча рақибларидан устун келиб, финал босқичида ҳам ғалабани қўлга киритди ва чемпионатнинг олтин медали соҳиби бўлди. Яна бир сирдарёлик спортчи — Ховос тумани 2-сонли спорт мактаби тарбияланувчиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Хусанбой Абдулҳакимов ҳам халқаро майдонда ўз маҳоратини намойиш этди.
Қирғиз кураши бўйича 84 килограмм вазн тоифасида иштирок этган Ҳусанбой Абдулҳакимов муросасиз ва қизғин кечган баҳсларда муносиб иштирок этиб, мусобақанинг кумуш медалини қўлга киритди.

Бу натижалар нафақат спортчиларнинг шахсий ютуғи, балки Сирдарёда спортни ривожлантириш, иқтидорли ёшларни аниқлаш ва уларнинг профессионал спортдаги салоҳиятини юзага чиқариш борасида олиб борилаётган ишлар самарасини ҳам намоён этади.

— Сирдарёлик ёш спортчиларнинг нуфузли халқаро мусобақаларда олтин ва кумуш медалларни қўлга киритгани вилоят спорти учун муҳим натижа бўлди. Бу ютуқлар ортида спортчиларнинг машғулотлардаги изланиши, мураббийларнинг меҳнати ва улар учун яратилган шароитлар мужассам, — дейди Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов.
Унинг таъкидлашича, бугун вилоятда ёшларни спортга кенг жалб этиш, улар орасидан иқтидорли спортчиларни саралаб олиш, спорт мактабларида машғулотлар сифатини ошириш ҳамда юқори натижа кўрсатишга қодир спортчиларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Ҳали олдинда бизни кўплаб мусобақалар кутмоқда. Спортчиларимиз белбоғли кураш ва қирғиз кураши билан бир қаторда, спортнинг бошқа турларида ҳам юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишига ишонамиз. Бунинг учун вилоятимизда зарур шарт-шароитлар яратилган. Давлатимиз раҳбарининг спортга қаратаётган юксак эътибори ва қўллаб-қувватлаши натижасида ёшларимиз замонавий спорт иншоотларида мунтазам шуғулланиб, тажрибасини ошириб бормоқда. Қирғизистонда сирдарёлик ёшлар томонидан қўлга киритилган ушбу медаллар ҳам ана шу тизимли ишлар самарасидир, — дейди Анвар Бўронов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири