Олтин кони юзлаб инсонларни домига тортди
Марказий Африка Республикасидаги олтин конида ер кўчиб, 100 дан зиёд одам ҳалок бўлган. Фожиа Камерун чегараси яқинидаги Замбойя конида сешанба куни юз берган.
Қутқарувчилар ҳануз вайрона остида қолганларни изламоқда. Дастлабки тахминга кўра, ер остида одамлар ишлаётган бир неча йўлак ўпирилган. Ҳодиса гувоҳларидан бири вазиятни “фожиали” дея таърифлаган.
Ҳозирча қурбонлар сони номаълум. Бабуа шаҳри расмийлари якуний рақамни айтиш қийинлигини билдирган. Ижтимоий тармоқда тарқалган видео лавҳада кон ён бағридан улкан қатлам ажралиб, пастга сурилгани ва одамларни босиб қолгани акс этган.
Воқеа жойига яқин Камерун ҳудуди расмийлари ҳам қутқарув ишига кўмаклашяпти. Шарқий вилоят раҳбари Грегуар Мвонго икки мамлакат мутасаддилари фожиа оқибатини бартараф этиш йўлида ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА