Оловда тобланган, пўлатдек мустаҳкам саноат мажмуалари халқ фаровонлигига хизмат қилади
Мустақилликнинг 35 йиллиги
Ўтган асрда Германия, Жанубий Корея каби давлатларда металлургия гигантлари шаклланди. Ўша даврда бунинг ортидан ушбу мамлакатлар саноатда ҳақиқий сакраш амалга оширилган.
Бунинг сабаби жуда оддий эди. Сифатли ва арзон металл иқтисодиётнинг таянчи, ҳар қандай замонавий инфратузилманинг пойдевори саналади. Демак, дунё саноати тарихида бир корхона бутун бошли давлатнинг иқтисодий ва технологик қиёфасини тубдан ўзгартириб юборган ҳолатлар ҳам бор.
Кейинги йилларда Ўзбекистон ҳам айнан ана шундай улкан ва стратегик технологик йўлдан шиддат билан одимламоқда. Яқинда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Бекобод шаҳрига ташрифи чоғида Ўзбекистон металлургия комбинатида барпо этилган янги Қуюв-прокатлаш мажмуасининг ишга туширилиши мамлакатимиз саноат тарихига олтин ҳарфлар билан ёзиладиган воқеа бўлди. Буни юртимиз саноат харитасида иқтисодий қудратимизни янги босқичга олиб чиқадиган яна бир гигант иншоот қад ростлади дейиш мумкин.
Иқтисодиётни рақамларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Агар рақамларга назар ташласак, кейинги йилларда мамлакатимиз кон-металлургия соҳасини модернизация қилиш бўйича кўрилган чоралар кўлами нақадар кенглигини кўрамиз.

Ўтган ўн йилда соҳага қарийб 2 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилган. Натижада 31 та йирик ишлаб чиқариш қуввати фойдаланишга топширилди. Хусусий секторга кенг йўл очилиши эвазига тармоқдаги корхоналар сони 150 тадан ошди. Маҳаллий металл маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми 3 миллион тоннага етди. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, 2016 йилда бор-йўғи 800 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилган эди, холос.
Давлат бундай лойиҳалар орқали, энг аввало, импортга қарамликдан халос бўлади. Шунингдек, миллий валютанинг четга оқиб кетишини тўхтатади. Айни пайтда юртимизга чет элдан йилига 1,5 миллион тонна лист прокат маҳсулотлари импорт қилинади. Бекободдаги янги мажмуанинг тўлиқ қувват билан ишлаши натижасида маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига бу импорт ҳажми нақ 840 минг тоннага қисқаради. Мажмуанинг ўзи йилига 8 триллион сўмлик 1 миллион тонна иссиқ прокатланган пўлат лист ишлаб чиқариш имконига эга. Бу Тошкент ва Самарқанд металлургия заводларининг прокат листларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплайди.
Энг муҳими, комбинатнинг умумий ишлаб чиқариш қуввати икки бараварга ошиб, 1 миллион тоннадан 2 миллион тоннага етказилади ва корхона ҳамда мамлакат тарихида илк бор ички эҳтиёждан ортган юқори сифатли тайёр маҳсулот хориж бозорларига экспорт қилинади.
Бу технологик натижанинг яна бир стратегик томони бор. Илгари асосан қурилиш соҳаси учун металл етказиб берилган бўлса, бугунги кунда машинасозлик, электротехника, мудофаа саноати ва энергетика каби тез ривожланаётган йўналишлар учун 80 турдаги янги маҳсулот тайёрланмоқда. Бекободда ишлаб чиқариладиган ўрамли металлар оддий қурилиш арматураси эмас. У автомобилсозлик, вагонсозлик ҳамда атом электр станциялари каби ўта мураккаб ва масъулиятли соҳалар учун асосий хомашё пойдевори бўлиб хизмат қилади.
Келгуси беш йилда кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва 800 минг хонадонли уй-жойлар қуриш режалаштирилган. Бундай улкан режалар металлга бўлган талабни бир ярим бараварга ошириши тайин. Бекободдаги янги мажмуа эса ана шу келажак талабига берилган муносиб ва ўз вақтидаги жавобдир.
Ўзбекистон оғир санатидаги ушбу тарихий натижа халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда.

– Италия, Хитой, Таиланд, Ҳиндистон каби мамлакатларда йирик ишлаб чиқариш линияларимиз, дунёнинг кўплаб давлатларида эса ваколатхоналаримиз бор, – дейди технологик ҳамкор, Италиянинг “Danieli Group” компанияси вице-президенти Ренато Петссано. – Бизнинг компаниямизда айни пайтда 9,5 минг нафар ходим ишлайди. Биз бир неча йилдан буён юртингизда фаолият юритамиз ва бу заминда эришилган натижаларимиздан фахрланамиз. Ўтган даврда Ўзбекистон пўлат ясси прокат импорт қилувчи давлатдан экспорт қилувчи давлатга айланди. Биз бу жараёнда муҳим лойиҳани амалга оширишда иштирок этдик. Бу эса саноатни ривожлантириш, иш ўринлари яратиш ва мамлакатнинг ташқи савдо балансини мустаҳкамлашга ҳисса қўшади. Ушбу мажмуанинг тантанали ишга туширилиш маросимида шахсан давлат раҳбарининг иштирок этганини бу соҳага юксак эътиборнинг намунаси дейш мумкин. Мамлакатингизда яратилган соғлом тадбиркорлик муҳити, инвесторларга яратилган шароитлар бу каби йирик саноат мажмуалари кўпайишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Бу лойиҳанинг рўёбга чиқиши ва келтирилаётган рақамлар оддий халққа ҳамда оилаларга ҳам катта фойда келтиради.
Аввало, бу муқим ва юқори даромадли иш ўринлари дегани. Бугунги кунда комбинатда 5,5 минг нафардан зиёд аҳил меҳнат жамоаси ишламоқда. Янги мажмуанинг ишга тушиши ортидан яна 1 минг 200 нафар мутахассис янги иш ўрнига эга бўлади. Бу шунча оиланинг даромади ошиши, рўзғорига барака кириши, фарзандлари келажаги таъминланиши деганидир.
Бундан ташқари, комбинат ҳудудида “Ўзбекистон экологик технологиялар саноат парки” ташкил этилмоқда. Жорий йилнинг ўзида бу ерда катта диаметрли қувурлар, кўтарма кранлар ва фильтрлаш ускуналари ишлаб чиқариш бўйича 70 миллион долларлик 6 та лойиҳа бошланади. Бу эса яна 660 та юқори даромадли иш ўрни яратилишини англатади. Саноат ривожланса, маҳаллий ресурсларимиздан унумли фойдаланилади.

Юртимизда 1,5 миллиард тонна темир рудаси захираси бор ва келажакда пўлат шарлар ишлаб чиқариш модернизация қилиниб, қуввати 500 минг тоннага етказилади. Буларнинг барчаси иқтисодиётнинг барқарорлигини, пировардида эса нарх-наво ва ҳаёт даражасининг меъёрда бўлишини таъминлайди.
– Иш жараёнида кишини ҳайратга соладиган бир жиҳат бор, – дейди комбинат қуюв-прокатлаш мажмуаси бўлим бошлиғи Эркинжон Маматқулов. – Бу янги мажмуадаги ақл ва илм-фаннинг натижасидир. Анъанавий усулда суюқ пўлат дастлаб махсус ускуналарда қуйилиб, совитилар ва сўнг оғир меҳнат ҳамда улкан энергия эвазига қайтадан қиздирилиб, прокатлашга юбориларди. Бу жуда кўп вақт, ёқилғи ва куч талаб қилар эди. Янги бўлинма эса ушбу узоқ ва мураккаб жараённи яхлит бир занжирга бирлаштирди. Бу ерда кимёвий таркиби миллиграмгача аниқ созланган оловли суюқ пўлат ҳеч қандай тўхталишларсиз, тўғридан-тўғри тўртбурчак кесимли яримтайёр маҳсулотга айлантирилади.
Тасаввур қилинг, узунлиги 50 метргача, кенглиги 1300 миллиметргача ва оғирлиги нақ 30 тонна бўлган баҳайбат пўлат бўлагининг қалинлиги бор-йўғи 40–60 миллиметрни ташкил этади. У ҳеч қандай оралиқ совитишларсиз, ўзининг оловли тафти билан тўғридан-тўғри прокатлаш линиясига ўтиб кетади. Мураккаблиги шундаки, кристаллизатор ичидаги минг даражадан юқори ҳароратдаги суюқ пўлат сатҳини оддий асбоб билан ўлчаб бўлмайди. Шу боис бу ерда жаҳон фанининг энг илғор ютуғи саналган Cobalt-60 радиоактив моддаси ёрдамида ишлайдиган ўта сезгир космик назорат автоматикаси қўлланилган.

Маҳобатли кўтариб-бурувчи стендлар, оралиқ чўмичлар, юқори частотали тебратиш механизмлари, 200 ва 75 тонналик гигант кўприкли кранлар, кучли совутиш ва гидравлика тизимлари рақамлаштирилган автоматика орқали ягона мукаммал организм каби ишлайди.
Ушбу ноёб ва мураккаб муҳандислик иншоотининг қад ростлаши билан Ўзбекистон Металлургия комбинати Марказий Осиёда ўз йўналишида ягона узлуксиз прокат ишлаб чиқарувчи корхонага айланди. Дунёда эса ихчам тасмали прокатлаш стандарти бўйича кучли учликдан жой олди.
Мустақиллик нима, деган саволга бугун мана шундай муҳташам заводлар, олов ичида тобланаётган пўлат тасмалар ва ўз касбидан фахрланиб, ишлаётганларнинг нигоҳлари жавоб беради.
Истиқлолнинг 35 йиллик тўйи остонасида ишга туширилган бундай саноат гигантлари мамлакатимизнинг иқтисодий мустақиллигини янада мустаҳкамлаб, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тинчлиги ва тараққиётига ўн йиллар давомида хизмат қилаверади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА шарҳловчиси