Олот ғаллакорлари меҳнат зафарига эришди
Меҳнатга садоқат, ерга меҳр ва замонавий агротехнологиялар уйғунлиги Олот далаларида яна бир бор ўзининг юксак самарасини намоён этди. Бухоро вилоятининг чегара ҳудуди ҳисобланган Олот тумани ғаллакорлари жорий мавсумда давлатга дон сотиш бўйича шартнома режасини муддатидан олдин ва ортиғи билан бажариб, катта меҳнат ғалабасини қўлга киритишди.
Мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини сифатли дон маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашда деҳқон ва фермерларнинг ҳиссалари беқиёс. Ана шундай фидойи инсонлар сафида олотлик ғаллакорлар ҳам бу йил юксак натижаларни қайд этиб, фидоийлик ва матонатнинг ҳақиқий намунасини кўрсатиштмоқда.
Жорий йилда тумандаги 206 та фермер хўжалиги томонидан 5 минг 370 гектар майдонда серҳосил буғдой навлари парваришланди. Мавсум давомида агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши, сув ва минерал ўғитлардан оқилона фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш натижасида ҳар гектардан ўртача 80 центнердан ҳосил олишга эришилди.
Бу кўрсаткич нафақат туман, балки вилоят миқёсида ҳам юқори натижа сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, ерга меҳр билан ёндашиш, тажрибали агрономлар тавсияларига амал қилиш ва меҳнат интизоми аъло даражада таъминлангани ҳосилдорликнинг янада ошишига хизмат қилди.

Бугунги кунга қадар давлат қабул масканларига 18 минг тоннадан ортиқ буғдой етказиб берилди. Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу ҳосилнинг 1 минг 129 тоннадан зиёди уруғлик дон сифатида жамғарилиб, келгуси йил ҳосили учун мустаҳкам замин яратилди. Бу эса озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва келгуси мавсумда ҳам юқори ҳосилдорликка эришиш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади.
Меҳнат ғалабасига эришишда бир қатор пешқадам фермер хўжаликлари алоҳида ўрнак кўрсатди. Жумладан, “Ислом”, “Шамсиддин Абдиев”, “Ҳиммат”, “Салоҳиддин Ойхон омади”, “Ўктам Авез”, “Яшнарбек Саноқулов”, “Шерали Шаҳзод Шаҳрам”, “Маматқул Чори” ҳамда “Сафар бобо замини” фермер хўжаликлари ҳар гектардан 85 центнергача ҳосил олиб, туман миқёсида энг юқори натижаларни қайд этди. Уларнинг бу ютуғи меҳнатсеварлик, билим ва тажрибанинг амалий ифодаси бўлди.
Эътиборлиси, давлат режаси бажарилганига қарамасдан, далаларда ўрим-йиғим ишлари изчил давом этмоқда. Фермерлар ҳар бир бошоқни нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш, ҳосилни сифатли сақлаш ва келгуси йил учун муносиб замин яратиш мақсадида бор куч ва имкониятларини сафарбар этмоқдалар.

Мутахассисларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, мавсум якунида Олот туманидаги ялпи ғалла хирмони 54 минг тоннадан ошиб кетиши кутилмоқда. Бу эса нафақат туман иқтисодиёти, балки бутун вилоятнинг дон захираларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Олот ғаллакорларининг бу йилги меҳнат зафари — ерга меҳр, ҳалол меҳнат ва юксак масъулиятнинг ёрқин самарасидир. Далаларда етиштирилган ҳар бир бошоқ ортида минглаб инсонларнинг заҳмати, умиди ва келажакка бўлган ишончи мужассам. Ана шу фидокорона меҳнат туфайли Олот бугун нафақат Бухоро вилояти, балки мамлакатимиз ғаллачилигида ҳам муносиб ўрин эгаллаб бормоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири