“Олот” чегара пости халқаро эътибор марказида
Бугунги глобал иқтисодиёт шароитида мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлиги, ташқи савдо салоҳияти ва бизнес муҳитининг рақобатбардошлиги кўп жиҳатдан чегаралардаги хизматлар сифати ва давлат бошқаруви самарадорлиги билан баҳоланади. Шу маънода, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар халқаро ташкилотлар томонидан ҳам юксак қизиқиш билан кузатилмоқда.
Айни кунларда Жаҳон банкининг “B-Ready (Business Ready)” субмиллий тадқиқоти доирасида Бухоро вилоятида жойлашган “Олот” чегара божхона постида амалий ўрганишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Жаҳон банки ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур тадқиқот мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, ташқи савдо жараёнларини соддалаштириш ва давлат хизматлари сифатини баҳолашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадқиқот жараёнида халқаро савдо йўналишидаги божхона ва чегара назорати амалиётлари, логистика инфратузилмасининг ҳолати, давлат идоралари ўртасида ахборот алмашинуви тизими, “Ягона дарча” тамойилининг самарадорлиги ҳамда хизмат кўрсатиш жараёнларининг шаффофлиги атрофлича таҳлил қилинмоқда. Бу эса мамлакатнинг ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги амалий ҳолатини халқаро мезонлар асосида баҳолаш имконини беради.

Туркманистон Республикаси билан туташ ҳудудда жойлашган “Олот” чегара божхона постида рақамли технологияларнинг жорий этилиши, электрон хизматлар кўлами, юк ташувчилар ва фуқаролар учун яратилган қулайликлар, назорат жараёнларининг тезкорлиги ҳамда божхона расмийлаштирувининг замонавий усуллари диққат марказида турибди.
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Баҳодир Муратов хорижий делегация аъзолари билан учрашув давомида постда қўлланилаётган инновацион ёндашувлар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, хавфларни бошқариш тизими, электрон декларациялаш механизми, рақамлаштирилган назорат усуллари ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилган енгилликлар тақдим этилди. Делегация вакиллари эса божхона расмийлаштирувининг ҳар бир босқичини бевосита кузатиб, тизимнинг амалий самарадорлиги билан танишиш имкониятига эга бўлди.
Таҳлилчилар фикрича, бундай халқаро баҳолашлар нафақат мамлакатдаги мавжуд ҳолатни ўрганиш, балки келгусида амалга оширилиши зарур бўлган ислоҳотларни белгилашда ҳам муҳим дастуриламал вазифасини ўтайди. Айниқса, ташқи савдо операцияларининг тезлиги, харажатларнинг камайиши, инсон омилининг қисқариши ва рақамли бошқарувнинг кенгайиши мамлакат иқтисодиёти рақобатбардошлигини оширишда ҳал қилувчи омиллардан ҳисобланади.

Эътиборли жиҳати шундаки, “B-Ready” дастури аввалги “Doing Business” баҳолаш тизимининг замонавий ва мукаммаллаштирилган шакли сифатида қаралмоқда. Унда нафақат норматив-ҳуқуқий база, балки қонунларнинг амалда қандай ишлаётгани, тадбиркорлар ҳақиқатда қандай шароитларда фаолият юритаётгани ҳам чуқур ўрганилади. Шу боис мазкур тадқиқот натижалари халқаро инвесторлар учун ҳам муҳим ахборот манбаси ҳисобланади.
“Олот” чегара божхона постида амалга оширилаётган ўрганишлар Ўзбекистоннинг очиқ иқтисодиёт сари қатъий қадамлар ташлаётганини, давлат хизматларида рақамлаштириш жараёнлари янги босқичга кўтарилганини ва бизнес учун янада қулай муҳит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатлар изчил давом этаётганини намоён этмоқда.

Жорий йилнинг 12 июнь кунига қадар давом этадиган мазкур тадқиқот якунида берилган тавсиялар халқаро савдо жараёнларини янада такомиллаштириш, экспорт-импорт операцияларини соддалаштириш, логистика занжирларини мустаҳкамлаш ҳамда мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири