Оллоёр Норбўтаев: "мақсадимиз – бекатни дўкон эмас, аввало бекат сифатида шакллантириш"
Бекатлар – саволларга етаклар...
Аҳолининг жамоат транспортларида эркин ҳаракатини ташкил этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар натижасида соҳада туб бурилишлар амалга оширилди. Жумладан, рақамлаштириш жараёнлари тизимда шаффоф ва сифатли ҳаракатни таъминлаб келмоқда. Шу ўринда аҳоли учун замонавий бекатлар ташкил этиш масаласида ҳам муҳим ишлар амалга оширилмоқда. Аммо уларнинг юртимиз табиати ва аҳоли талабига мос барпо этилиши юзасидан турлича талқинлар ҳам учрайди. Дарҳақиқат, пойтахт бекатларидаги модернизация жараёнлари ва унинг аҳолига хизмат кўрсатиш имкониятлари қай даражада талабга жавоб беради? Шулар хусусида Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаев билан суҳбатлашдик.

– Аввало, замонавий бекатлар борасидаги фикрингизни билсак, аслида улар қандай стандартларга жавоб бериши керак?
– Замонавий автобус бекати биринчи навбатда, хавфсиз, қулай ва барча фойдаланувчилар учун бирдек очиқ бўлиши керак. Бекатни ташкил этишда амалдаги “Автомобиль йўллари ва шаҳар кўчаларидаги автобус бекатлари. Умумий техник талаблар” стандартига риоя этилади. Ушбу стандарт 2023 йилда тасдиқланган. Бунда бекат майдончаси, йўловчилар кутиш ҳудуди, пиёдалар йўлаклари, ногиронлиги бўлган шахслар учун пандус ва қулай чиқиш-тушиш имконияти, ёритиш, ўриндиқлар, ахборот кўрсаткичлари ҳамда бошқа зарур инфратузилма элементлари назарда тутилади.
Шунингдек, замонавий бекат фақат ташқи кўриниши билан эмас, балки ёзда қуёшдан, куз-қиш мавсумида ёғингарчилик ва шамолдан ҳимоя қилиши, йўловчилар хавфсизлиги ва жамоат транспортининг самарали ҳаракатини таъминлаши билан баҳоланади.
– Бугун пойтахтимиздаги бекатлар сони қанча ва яна нечтаси модернизация қилиниши режалаштирилган?
– Бугун пойтахтимиздаги бекатларни кенг кўламда янгилаш жараёни босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Жорий йил 1 сентябрь ҳолатига кўра 30 та кўча бўйлаб реконструкция ишлари олиб борилиб, 276 та замонавий автобус бекати павильони ўрнатилди. Йил якунига қадар бу кўрсаткични 600 тага етказиш режалаштирилган.
Аслида, бу бир марталик тадбир эмас. Бекатларни модернизация қилишда аввало йўловчилар оқими, кўчанинг транспорт юкламаси, пиёдалар ҳаракати ва ҳудуднинг шаҳарсозлик хусусиятлари инобатга олинади. Бунда асосий мақсад – барча бекатларни бир хил кўринишга келтириш эмас, балки уларни ягона стандарт асосида, аниқ ҳудуднинг эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этишдир.
– Маълумки, бугунги қуёшли кунлар билан бирга олдинда куз, қиш мавсумлари, қор-ёмғирли кунлар яқин. Аҳолининг, жумладан, ёш болали ва қарияларнинг ҳозирги очиқ бекатлардан фойдаланиши ҳамда уларнинг қулайлик даражасини қандай баҳолайсиз? – Дарҳақиқат, бу масала жуда муҳим. Йўловчи автобус кутаётганда қуёш, шамол, ёмғир ва қордан ҳимояланган бўлиши лозим. Айниқса, ёш болали ота-оналар, кексалар ва ҳаракатланиш имконияти чекланган фуқаролар учун бу талаб янада долзарб. Шу сабабли ҳозирги модернизация жараёнида фақат павильоннинг ташқи кўринишига эмас, балки кутиш майдонини кенгайтириш, ўриндиқлар, ёпиқ ҳимоя ҳудуди, пандус ва бошқа қулайликларни яратишга эътибор қаратилмоқда.
Масалан, шаҳарда янги бекатлар кенгайтирилган перронлар, йўловчилар учун қулай кутиш ҳудудлари, электрон табло, видеокузатув ва SOS тугмалари каби элементлар билан жиҳозланмоқда. Шу билан бирга, янги бекатларнинг тўлиқ жиҳозлантиришга улгурилмаган айрим нуқталаридаги камчиликлар ҳам босқичма-босқич бартараф этилмоқда.
– Бекатларда маиший хизмат дўконларининг бўлиши қай даражада ноўрин эди?
–Бекат, аввало, йўловчилар учун автобус кутиш ҳамда хавфсиз чиқиб-тушиш жойи бўлиши шарт. Бироқ амалиётда айрим бекатларда жойлаштирилган дўконлар йўловчилар ҳаракатига халақит бераётгани, автобусларнинг бемалол кириб-чиқиши ва кутиш ҳудудидан самарали фойдаланишга тўсқинлик қилаётгани кузатилмоқда. Айниқса, майдони чекланган бекатларда савдо объектларининг мавжудлиги йўловчилар учун жиддий ноқулайликлар туғдирмоқда.
Шу сабабли, бекатнинг асосий вазифаси сифатида транспорт хизмати кўрсатиш ва йўловчилар қулайлигини таъминлаш биринчи ўринда туриши лозим. Агар бекат ҳудудида дўкон ёки бошқа хизмат кўрсатиш шохобчаси жойлаштирилса, у пиёдалар оқимига, хавфсизлик қоидаларига ва жамоат транспорти ҳаракатига асло тўсқинлик қилмаслиги шарт. Хулоса қилиб айтганда, бизнинг асосий ёндашувимиз – бекатни тижорат макони эмас, аввало, йўловчилар учун қулай транспорт тугуни сифатида шакллантиришдир.
– Аксарият бекатларда автобуслар кириб чиқиши учун шароит мавжуд эди, эндиликда жойларда автобуслар қатнов йўлида тўхтаяпти, бу тирбандликка сабаб бўлиб қоляпти. Бекатларнинг асосий қатнов йўлига яқинлаштирилгани нимаси билан муҳим?
–Бекатларни асосий қатнов йўлига яқинлаштиришдан мақсад – автобусларнинг бекатга кириб-чиқишдаги ортиқча манёврларини камайтириш ҳамда йўловчилар учун хавфсиз ва қулай муҳит яратишдир.
Автобуснинг алоҳида “кармон”га кириб-чиқиши, айниқса тирбандлик пайтида, қўшимча вақт йўқотилишига олиб келади. Шу боис, йўлнинг имкониятидан келиб чиқиб, “кармон”ларни ёпиш ва жамоат транспортини асосий йўлакнинг ўзида тўхтатиш мақсадга мувофиқ. Бу автобусларнинг бекатдан тезроқ чиқиб кетишини таъминлайди, бекатда туриб қолиш вақтини қисқартиради ва умумий ҳаракат тезлигини оширади.
Албатта, бундай ечим ҳар бир кўча учун бир хил қўлланилмайди. Йўлнинг кенглиги, қатнов интенсивлиги ва жамоат транспорти учун ажратилган йўлакларни ҳисобга олган ҳолда танланади. Асосий мақсад – автобуснинг бекатда ортиқча вақт йўқотмаслиги ва жамоат транспорти ҳаракатининг тезлиги ҳамда самарадорлигини ошириш.
ЎзА мухбири
Абдулазиз РУСТАМОВ
суҳбатлашди.