Олий таълимнинг янги вазифалари белгилаб олинди
Бухоро давлат университетида олий таълимни ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган форум бўлиб ўтди.
–Олий ўқув юртларида таълим жараёнининг хусусиятлари, шунингдек, университетларнинг жамият ва иқтисодиётдаги аҳамияти жадал ўзгариб бормоқда, –дейди Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов. –Бутун дунёда университетлар бир-бири билан рақобатлашмоқда. Бундай рақобатда замон билан ҳамнафас ва янги рақамли имкониятлардан фойдаланувчи олий ўқув юртлари бошқаларга нисбатан устунликка эга бўлиб бормоқда.
Республика олий таълим муассасаларидан ташриф буюрган 100 нафардан ортиқ ўқув ишлари бўйича проректорлари (директор ўринбосарлари) иштирокида ўтазилган форумни Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари маркази директори Маҳмуджон Болтабаев кириш сўзи билан очди.
Форум ялпи мажлисида “Таълим жараёнини ташкил этиш ва сифатини таъминлаш стратегиялари”, “Олий таълимни рақамли технология воситалари асосида бошқариш механизмлари”, “Олий таълимни хорижий адабиётлар билан босқичма-босқич таъминлаш механизмлари”, Олий таълим муассасаларининг ўзини-ўзи бошқариш тизимларини муваффаққиятли амалга ошириш стратегиялари (Тошкент давлат иқтисодиёт университети мисолида), “Рақамли таълимни ташкил этиш Бухоро давлат университети тажрибаси мисолида” каби мавзуларда маърузалар тингланди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди. Форум давомида Бухоро давлат университети талаба- ёшлари томонидан тайёрланган мусиқий чиқишлар форумга ўзгача кайфият бағишлади.
[gallery-17133]
Куннинг иккинчи қисмида таълим соҳалари бўйича мувофиқлаштирувчи соҳа кенгашларининг мажлислари бўлиб ўтди. Унда 2024/2025 ўқув йили учун ишлаб чиқиладиган ўқув- услубий ҳужжатлар, таълим йўналишлари ва мутахассисликлари битирувчиларига бериладиган квалификацияларнинг ягона реестри, мустақил таълимни ташкил этиш бўйича ягона намунавий тартиб ва бошқа турли масалалар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари