Олий таълим ва мактаблар ўртасидаги ҳамкорлик самаралари
Мактаб ва олий таълим. Бу икки таълим даргоҳини бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Улар ўзаро бир бири билан узвий боғлиқ ва бир-бирини тўлдириб боради, ривожлантиради.
Бугун мамлакатимизда таълим соҳасида, хусусан, мактабларимизни бугунги кун талаблари асосида ташкил этишда туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнга олий таълим муассасаларининг ҳам жалб этилаётгани бежиз эмас.
Айни даврда Ўзбекистонда 10130 та умумтаълим мактаблари мавжуд бўлиб, уларнинг 2730 таси шаҳарларда, 7408 таси эса қишлоқларда фаолият кўрсатмоқда. Бугунги кунда мактабларда 6246491 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда.
Кейинги йилларда Халқ таълими тизимида бағрикенглик ва инсонпарварлик тамойиллари кенг тарғиб қилинмоқда. Маълумки, Ўзбекистон кўп миллатли мамлакат саналади. Мамлакатимиздаги мактабларда таълим еттита тилда олиб борилади. Хусусан, ўзбек тилида таълим берадиган мактаблар билан бир қаторда (8227 та мактаб) 245 та қорақалпоқ тилида, 143 та қозоқ тилида 92 та тожик тилида, 88 та рус тилида, 23 та туркман тилида, шунингдек, 21 та қирғиз тилида таълим берадиган мактаблар мавжуд.

Мактабларда жами 502867 нафар ўқитувчи фаолият кўрсатиб, шундан 343961 нафарини аёллар, қолган 158726 нафарини эркаклар ташкил этади.
Мактаб ўқитувчиларининг 26929 нафари олий тоифага, 74703 нафари биринчи тоифага, 118478 нафари иккинчи тоифага эга бўлиб, 282577 нафар ўқитувчилар тегишли тоифаларга эга эмас.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида (2022 йилнинг 4 март куни) олий ўқув юртлари талабалари бандлигини таъминлаш бўйича устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат техника университети раҳбарияти бир қатор хайрли ишларни амалга ошириб келмоқда.
Таъкидлаш жоизки, университетимиз Тошкент вилоятининг Бўка туманига қарашли 54 та мактаб билан ҳамкорликни йўлга қўйган.
Бугун Бўка туманидаги 6, 43, 44, 46, 49, 54 – мактаб битирувчилари учун университетимизда “Очиқ эшиклар” куни тадбири ўтказилмоқда.
Ҳамкорлигимиз мавсумий эмас, узоқ муддатга мўлжалланган. Асосий эътибор битирувчиларни олий таълим муассасаларига ўқишга киришлари учун кўмаклашиш ва ёшларни касбга ўргатиш, иккинчи томондан, қуйи синфларда таҳсил олаётган ўқувчиларни қизиқишларига қараб касб-ҳунарга йўналтириш, истеъдодларини юзага чиқаришга қаратилади.
Олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ишлаган, уларнинг қандай ва нима билан “нафас олаётганини” англаган мактаб педагоглари ҳам ўқувчиларга билим бериш жараёнида ушбу омилларни, албатта, инобатга олади. Ўқувчи-ёшларда эса мактабдалик пайтидаёқ олий таълим ҳақида муайян тасаввур пайдо бўлади, қизиқиш уйғонади, ўз келажагини янада ёрқинроқ тасаввур эта бошлайди.
Битирувчи синф ўқувчиларининг қизиқиши ва қобилиятидан келиб чиқиб, университетда мавжуд 67 та бакалавр таълим йўналишлари тўғрисида маълумот берилди.
Мактаб ўқувчилари университетнинг машинасозлик, механика, электроника ва автоматика, электр ва иссиқлик энергетикаси факультетларининг лабораториялари ва таълим йўналишлари билан яқиндан таништирилди.

Ўқитувчи – устозларга эса тоифаларига қараб ўз устида ишлашлари учун ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик вазифалар белгилаб берилди ва олий таълим муассасаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ушбу ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати, энди эришаётган ютуқ ёки йўл қўйилаётган камчиликлар учун мактаб ҳам, университет ҳам бирдек масъул. Бу, ҳамкорлик самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Мактаблар билан ҳамкорликни самарали ташкил этиш ва уларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш институтимизнинг устувор вазифаларидан бирига айланди. Олий таълим муассасаси ва мактаблар ўртасида йўлга қўйилган бундай ҳамкорлик яқин келажакда ўз мевасини бериши шубҳасиз.
Жасур Сафаров
ТДТУ Машинасозлик факультети декани