Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар самараси (+видео)
Сарҳисоб
Бугунги кунда мамлакатимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида олий ўқув юртлари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитиш тизимига илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш, олий маълумотли, малакали педагог мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишлар янада юқори босқичга кўтарилди. Бу борада Андижон давлат педагогика институтида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.
–Бугунги кунда институтимизда кундузги 22 та, кечки 8 та ва сиртқи 10 та бакалаврият таълим йўналиши бўйича 9 минг 500 нафардан ортиқ талаба, шунингдек, 12 та магистратура мутахассислиги бўйича 100 нафарга яқин магистр таҳсил олмоқда, – дейди институт ректори, профессор Бахтиёржон Расулов. – Уларнинг ўқиши, пухта билим олиши учун зарур барча шарт-шароит яратилган.
Ўқув бинолари етарли эмаслиги учун ўтган йили вилоят ҳокимлиги томонидан институтга янги бинолар ажратиб берилганлиги таълим сифатини янада ошириш имконини берди.
Бугунги кунда институтда талабаларга 400 нафарга яқин профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Уларнинг 73 нафари илмий даража ва унвонга эга мутахассис ҳисобланади. Жумладан, 12 нафари фан доктори, 61 нафари фан номзодидир.
Якунланган йилда институт профессор-ўқитувчилари томонидан 17 номдаги дарслик, 36 номдаги ўқув қўлланма, 54 номдаги услубий ишланма ҳамда 8 номдаги монография яратилди. Шунингдек, жорий йилда 32 номдаги дарслик ва ўқув қўлланма нашрдан чиқариш учун рўйхатдан ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг қарорига асосан, Андижон давлат педагогика институти ҳузурида педагогика назарияси, педагогик таълимотлар тарихи, таълим-тарбия назарияси ва методикаси ихтисосликларида педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгаш фаолият юритмоқда. Бундан ташқари, институт факультет ва кафедралари қошида 5 та илмий-тадқиқот маркази ташкил этилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 21 июндаги “Педагогик таълим сифатини ошириш ва педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўгърисида”ги қарорида педагог кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасалари ихтисослик кафедраларининг камида 5 фоиз профессор-ўқитувчилари хорижий давлатларга малака ошириш ва стажировкага юборилиши белгиланган. Ана шу қарор ижроси доирасида ўтган йили институтнинг турли кафедраларида фаолият олиб бораётган 30 нафарга яқин профессор-ўқитувчи Финландия, Россия, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон сингари қатор хорижий давлатларда малака ошириб қайтди.
Бундан ташқари, институт турли халқаро рейтингларда юқори 1000 таликка кирган хорижий олий ўқув юртлари билан таълим ва илмий йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, 2023 йилда Россиянинг Я. Яковлев номидаги Чуваш давлат педагогика ва Қозон давлат педагогика университетлари билан шартномалар имзоланди.
Чуваш давлат педагогика университети билан ҳамкорлик доирасида университетнинг бир гуруҳ профессор-ўқитувчилари Андижон давлат педагогика институтига ташриф буюриб, институтдаги таълим жараёнлари билан яқиндан танишди. Шунингдек, ўқитувчи ва талабалар учун маърузалар ўқиди, маҳорат дарслари ўтишди.
Жорий йилда хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда институтнинг 20 нафар профессор-ўқитувчисини турли хорижий давлатлардаги олий ўқув юртларига малака ошириш ва стажировкага юбориш режалаштирилган.
Бугунги кунда институтда турли кафедралар таркибида 23 та илмий-амалий тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Тўгаракларга 400 нафардан зиёд иқтидорли талаба жалб этилган. Яратиб берилган кенг имкониятлар туфайли талабалар эришаётган ютуқлар салмоғи ортиб бормоқда.
Республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда иқтидорли талабаларнинг 40 дан ортиқ илмий мақоласи эълон қилинди, шунингдек, 12 та дастурий таъминот бўйича муаллифлик гувоҳномаси берилди.
Институтнинг иқтидорли талабаларидан 8 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти, Навоий, Камолиддин Бекзод, Бобур, Паҳлавон Маҳмуд, Ислом Каримов ва бошқа номдаги давлат стипендияларига сазовор бўлди.
Институт талабаларининг спорт, санъат соҳасида эришган ютуқлари ҳам салмоқли бўлди. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимиз терма жамоалари таркибида йигирма нафарга яқин талаба спортнинг белбоғли кураш, каратэ, таэквандо, эркин кураш, қўл тўпи, волейбол, енгил ва оғир атлетика турлари бўйича Осиё ва жаҳон чемионатлари, турли халқаро мусобақаларда ғолиб ва совриндорлар қаторидан ўрин олди.
Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси ҳамда мусиқий таълим йўналишида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабаларнинг Республика ва халқаро миқёсдаги тасвирий санъат, мусиқа танлов ва фестивалларида ғолиб бўлганликлари ҳам уларнинг ижодий салоҳиятини юксалтиришга яратиб берилаётган кенг имкониятлар самарасидир.
Талабаларнинг театр, санъат ва мусиқага қизиқишини ошириш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқаришга кўмаклашиш мақсадида институтда мақом, вокаль ва эстрада ансамбллари, ёшлар театр жамоаси, қўғирчоқ театри ҳамда мақом караоке студияси ташкил этилган. Шу билан бирга, “Дуторчи қизлар”, “Ўзбегим” ансамбллари, “Андижон ёшлари” талабалар театр- студияси, “Тафаккур” ҚВЗ жамоаси ва адабиётшунослар клуби фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Институтда талабаларни тураржой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда давлат хусусий шерикчилик асосида 400 ўринли замонавий талабалар уйи фойдаланишга топширилди.
Янги барпо этилган тураржойдаги икки ва тўрт кишилик хоналарда талабаларнинг яшаши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун зарур барча шароит яратилган. Хусусан, талабалар уйининг ҳар бир қаватида дам олиш хонаси, ошхона ҳамда кир ювиш ва қуритиш хоналари ташкил этилиб, зарур жиҳоз, воситалар билан таъминланган. Бундан ташқари, биринчи қаватда ота-оналар учун меҳмонхона ташкил этилган.
Жорий йилда институтда давлат хусусий-шерикчилик асосида яна 400 ўринли тураржой барпо этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, СТЕАМ тизимига мослашган ўқув биноларини замонавий жиҳозлар, ўқув адабиётлари билан таъминлаш, таълим ва бошқарув тизимини рақамлаштириш борасида қатор ишларни амалга ошириш, шунингдек, бир пайтнинг ўзида 250 китобхонга хизмат кўрсатиш имконига эга, тўрт юз минг китоб фондига мўжалланган янги ахборот-ресурс марказини қуриш режалаштирилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/SwMiYZ4d8TQ" title="Oliy taʼlim tizimidagi islohotlar samarasi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Фахридин Убайдуллаев, Зухриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари