Олий таълим тизимида ҳамкорлик
Ўзбекистон Республикасининг Исроил давлатидаги элчихонаси ҳамда Холон технологиялар институти ҳамкорлигида жорий йилнинг 4-8-апрель кунларига “Исроилда Ўзбекистон илм-фани кунлари – халқлар дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Унда мамлакатимизнинг бир гуруҳ олий таълим муассасалари вакиллари қаторида Бухоро давлат университети ректори Обиджон Ҳамидов ҳам иштирок этди.
– Анжуман давомида Исроилнинг етакчи олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари фаолияти билан танишдик, – дейди Обиджон Ҳамидов. – Шунингдек, Холон технология институти билан ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Холон технология институтининг таълим тизими, мавжуд имкониятлар, яратилган шароитлар ўрганилди. Бухоро давлат университети ва Холон технологиялар институти ўртасидаги ҳамкорлик доирасида ташкил этилган “Амалий математика ва информатика”, “Компьютер билимлари” йўналишида қўшма таълим дастурлари асосида 87 нафар талаба таҳсил олмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон делегацияси Исроилнинг Вейсман фан институти фаолияти билан ҳам таништирилди. Мазкур билим даргоҳи магистратура ҳамда докторантура босқичида тадқиқотчиларни тайёрлайди. Мактабларда ва жамоатчиликда аниқ ва табиий фанлар таълимини ривожлантиришга алоҳида эътибор бериладиган институтда математика, информатика, физика, кимё, биокимё ва биология бўйича олимлар етишиб чиқади. Ташриф натижасида мазкур институт билан информатика, физика, кимё, биология йўналишларида магистрлар тайёрлаш ва адабиётлар алмашинуви масалаларида келишувга эришилди.

Вейсман институти дунёдаги етакчи фундаментал тадқиқот институтларидан биридир. Билим даргоҳи юқоридаги бешта бўлим бўйича 250 та экспериментал ва назарий тадқиқот гуруҳларидан иборат. Унинг лабораторияларида пайдо бўлган ғоялар инсон танаси ва коинот ҳақида фундаментал тушунча беришга ёрдам беради. Институт мактабларда ва аҳоли ўртасида фан таълимини ривожлантиришга катта эътибор беради. Ушбу дастур Вейсман фан институтининг таълим бўлими бўлган Девидсон Фан таълими институти томонидан илгари сурилиб, илмий саводхон жамиятни тарбиялаш орқали Исроилда етакчилик қилмоқда. Бундан ташқари, Вейсман ва Девидсон институти минглаб фан ҳамда математика ўқитувчиларини тайёрлайди. Халқаро рақобатбардош ёзги илмий лагерлар ва турнирларни ўтказади. Талабалар ва жамоатчилик учун кенг кўламли дастурларни таклиф этади.
Ўзбекистон делегация аъзолари Қуддус яҳудий университети раҳбарияти билан ҳам учрашди. Унда университетлараро ҳамкорлик алоқаларини ташкил этиш ва уни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Делегацияни Қуддус яҳудий университети вице президенти Орон Шагрир ҳамда Гуманитар фанлар факультети Ислом ва Яқин Шарқшунослик кафедраси профессори Мичаел Шенкар қабул қилди. Университет тарихи, талабалар сони, жаҳон рейтингидаги ўрни, магистрлик лойиҳалар, археология, агрономия, тарих бўйича стажировка, илмий изланишлар, PhD дастурлар бўйича маълумот берилди. Қуддус яҳудий университети Исроилдаги энг йирик илмий ва таълим марказидир.

Анжуман давомида ўқитиш ва лойиҳалаш технологиялари, тиббиёт, амалий математика, нано-технологиялар, комплекс таҳлил ва долзарб илмий муаммолар каби турли мавзуларда маърузалар ва мунозаралар бўлиб ўтди.
Бир сўз билан айтганда анжуман олий таълим муассасалари, саноат дизайни, интерьер дизайни, визуал алоқа дизайни, туризм технологиялари ва қишлоқ хўжалиги инновациялари каби кўплаб соҳаларда мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда ҳамкорликни кенгайтиришда янги, муҳим саҳифа очди.
Зариф Комилов, ЎзА