ОЛИЙ ТАЪЛИМ: муаммолар ва ечим
Кун тартибидаги масала юзасидан олий таълим муассасалари раҳбарлари депутатлар олдида ҳисобот беришлари зарур.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ўтказилган кенгайтирилган раёсат мажлисида олий таълим муассасаларида ўтган йилда амалга оширилган ишларнинг сарҳисоби ва жорий йилги долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, олий таълим муассасалари ректорлари, филиаллар директорлари, вазирликлар, таълим инспекцияси раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида олий ўқув юртларида таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятни кўтариш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, етук мутахассислар этиб тарбиялаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди. Айниқса, жорий йилда илмий асосланган ишларни йўлга қўйиш асосий вазифалардан бири ҳисобланади.

Давлатимиз раҳбари илмий-тадқиқот институтлари ходимлари, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашувида илм-фаннинг бир нечта устувор йўналишини ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, фан ва ишлаб чиқаришдаги алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Сўнгги йилларда талаба-ёшларга ҳар томонлама шароитлар яратиш, профессор-ўқитувчиларни, илм-фан вакилларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида Оролбўйида учта олий ўқув юртининг филиали ташкил этилган бўлса, жорий йилда Нукус шаҳрида Тошкент давлат техника университетининг филиалини очиш назарда тутилмоқда.
Инвестиция дастури доирасида Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиали клиникасида 85 миллиард 681 миллион сўмлик қурилиш ишлари режалаштирилиб, 2017-2019 йилларда 72,8 миллиард сўмлик, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг янги биносида 52 миллиард 702 миллион сўмлик қурилиш-реконструкция ишлари режалаштирилиб, 2018-2019 йилларда 33,5 миллиард сўмлик иш бажарилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан олий таълим муассасалари раҳбарлари депутатлар олдида ҳисобот беришлари зарур. Шунинг учун ҳам Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларида ўтган йилда амалга оширилган ишлар Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан ташкил этилган депутатлар ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб чиқилди.
Ишчи гуруҳ раҳбари таъкидланганидек, бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги 9 та олий таълим муассасасида 28 минг 584 нафар талаба таълим олмоқда. Уларга 1 минг 649 нафар профессор-ўқитувчи, шундан, 70 нафар фан доктори, 461 нафар фан номзоди, 207 нафар катта ўқитувчи, 940 нафар ассистент-ўқитувчи таълим бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги “2019/2020 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги қарори асосида 9 та олий таълим муассасасига жами 1 минг 76 нафар, шундан бакалавриатнинг кундузги таълим шаклига 7 минг 551 нафар, махсус сиртқи таълим шаклига тўлов-шартнома асосида 62 нафар, сиртқи таълим шаклига 1850 нафар, кечки таълим шаклига тўлов-шартнома асосида 137 нафар, магистратура мутахассислигига 476 нафар талаба қабул қилинган. Шунингдек, давлатимиз томонидан белгиланган имтиёзлар асосида 457 нафар ўғил-қиз талаба бўлиш бахтига муяссар бўлди.

Шу билан бирга Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Россия Федерациясининг иккита, Беларусь Республикасининг битта олий ўқув юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети Нукус филиалида Беларусь Республикасининг битта олий ўқув юрти, Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалида Россия Федерацияси ва Жанубий Кореянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан қўшма факультетлар ташкил этилди. Уларга 13 таълим йўналиши бўйича тўлов-шартнома асосида 103 нафар талаба қабул қилинди.
2019-2020 ўқув йилида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” асосида таълим сифатини яхшилаш, илмий-тадқиқот ишларининг самарадорлигини таъминлаш, профессор-ўқитувчиларнинг касб тайёргарлиги даражасини орттириш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилган.

Ўрганиш жараёнида айрим камчиликларга йўл қўйилаётганлиги қайд этилди. Жумладан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтининг мамлакатимиз олий ўқув юртлари орасидаги рейтинг кўрсаткичлари пасайиб кетган, Профессор-ўқитувчиларнинг ахборот-коммуникация технологиялари, чет тилларини ўзлаштириш даражаси талабга жавоб бермайди. Талабаларни дарслик ва ўқув қўлланмалари, ётоқхоналар билан таъминлашда, битирувчиларни мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришда, амалиётни ўташда муаммолар борлиги танқид қилинди.
Олий ўқув юртлари ректорлари, филиаллар директорларининг ахборотлари тингланди. “Йўл харитаси”да белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш, қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов иштирок сўзга чиқди.
