Олис қишлоқларга кўчма дўконлар бораётир
Жиззах вилоятидаги энг олис ҳудуддаги қишлоқларга кўчма дўконлар савдоси ташкил этилаётир.
Жиззах вилоятидаги энг олис ҳудуддаги қишлоқларга кўчма дўконлар савдоси ташкил этилаётир. Кўчма дўконлар орқали аҳолига ун, ёғ, гуруч, қанд каби энг зарур маҳсулотлар ва маиший ашёлар етказиб берилмоқда.
Фориш тумани марказидан 45 километр олисдаги Ўхум қишлоғидан коронавирус карантини туфайли туман марказига келиб кетиш осон эмас. Туман ҳокимлиги қишлоқ дўконлари рўзғор учун зарур маҳсулотларнинг захираси талабни тўлиқ қондирмаслигини ҳисобга олиб кўчма дўконлар фаолиятини йўлга қўйгани аҳолига қулайлик яратмоқда.
Аҳоли эҳтиёжи инобатга олиниб қишлоққа “Ўхум Люкс” масъулияти чекланган жамияти кўчма савдо ташкил этилди. Кўчма савдода бир кунда 15 тонна ун ва бошқа биринчи зарур озиқ-овқат маҳсулотлари сотилди.
– Карантин туфайли туман марказига бориб-келиш қийинлашган кунларда одамларнинг оғирини енгил қилиш катта савоб, – дейди “Ўхум” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ғайрат Қозоқов. – Узоққа бормай, зарур маҳсулот ва буюмларни уйининг олдида савдо қилиши аҳолига катта қулайлик яратиш билан бирга касаллик тарқалиши хавфидан сақланишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини ҳамқишлоқларимиз ҳам тўғри тушуниб, ушбу ғамҳўрликдан миннатдор бўлмоқда.
Худди шундай кўча савдолари вилоятнинг барча туманларида ташкил этилаётир. Жумладан, бугун – 6 апрель куни эрталаб Зомин тумани деҳқон бозоридан зарур озиқ-овқат маҳсулотлари ва хўжалик юкланиб, карантин талабларига асосан дезинфикцияланган “Дамас” ва “Labo” автомашиналари иборат мўъжаз савдо карвони чекка қишлоқларга жўнаб кетди. Яна шундай 12 автодўкон Шароф Рашидов туманидаги чекка қишлоқлар аҳолисига савдо хизмати кўрсатди.
Аҳолини зарур маҳсулот ва буюмлар билан таъминлаб, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган кўча дўконлар хизматини йўлга қўйишда ҳудудий давлат солиқ инспекцияларининг хизматини алоҳида эътироф этиш зарур. ДСИ ходимлари автодўконларда энг зарур маҳсулотлар бўлишини таъминлашдан тортиб, уларнинг нархини асоссиз ошириб юборилишига йўл қўймасликни ҳам назорат қилмоқда.