Олима аёл – миллатнинг олтин фонди
Ўзбекистон республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2021 йил 8 март – Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида замонавий билим ва истеъдодга, етакчилик қобилиятига эга, эл-юртимиз учун фидойи хотин-қизларимиз – халқимиз, миллатимизнинг олтин фонди, дея юксак баҳолаган эди.
Дарҳақиқат, илмли аёл ҳар қандай жамиятнинг қудратли ресурсидир. Илм-фан билан шуғулланадиган киши, у ёки бу тарзда, умр йўлини бағишлаган соҳасига муайян маънода ўз ҳиссасини қўшади. Агарки, у олима бўлса, у қўшган ҳиссанинг қиймати алоҳида ўлчамга эгадир. Нега деганда, илму ирфонда аёл кишининг бўлиши кўп қиррали феномендир. Боиси, илмий кашфиёт ёки ютуқнинг қиймати асосан эркаклардан ташкил топган илмий жамоатчилик томонидан баҳоланади. Шундай экан, илм-фанда интеллектуал лидер бўлиш аёл қиши учун осон иш эмас.
Ҳар йили 11 февралда нишонланадиган Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан аёллар ва қизларнинг илм-фандан тўлиқ ва тенг фойдаланиши ҳамда иштирок этишини рағбатлантириш мақсадида қабул қилинган. Ушбу кун аёллар ва қизлар фан ва технологиялар соҳасида муҳим роль ўйнашини ва уларнинг иштирокини кенгайтириш кераклигини эслатади.

Аёллар ва қизларнинг илм-фандаги ролини нафақат бенефициар, балки ўзгаришлар бунёдкори сифатида ҳам эътироф этиб, жумладан, илм-фан оламидаги жадал тараққиётни ҳисобга олган ҳолда, Тошкент давлат шарқшунослик университетида Олий Мажлис Сенатининг Хотин қизлар ва гендер масалалари қўмитаси ва Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти билан ҳамкорликда “Ёш аёл-қизларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этиш: илғор тажриба ва истиқболлар” мавзусида халқаро анжуман ўтказилди.
Анжумандан кўзланган мақсад олима аёлларнинг илмий соҳадаги илғор тажрибаси ва ютуқлари билан яқиндан танишиш, ёш хотин-қизларни илмий-тадқиқот жараёнларига қамров даражасини янада кенгайтиришга қаратилган амалий масалалар юзасидан фикр алмашишдан иборат эди. Шунингдек, ушбу халқаро форум ёш олималарнинг илмий изланишлари натижаларини тақдим этишлари учун имконият яратиш мақсадида ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова илм-фан ва таълим соҳасида аёллар куни муҳим тарихий сана эканлигини таъкидлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан барча соҳаларда, хусусан фан соҳасида ҳам аёллар улушини кўпайтиришга қаратилган салмоқли ҳуқуқий база яратилганлиги алоҳида эътироф этди.
Жумладан, жамият ҳаёти ва фаолиятининг сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан, спорт муносабатларида хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларининг тенглигини таъминлашга қаратилган 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш Стратегиясининг мазмун моҳияти ҳақида батафсил маълумот ва изоҳ бериб ўтди.
Инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова бугунги олималаримиз аёлларга хос ҳисобланмаган фан соҳалари – биотехнология, физика ва математикада ҳам ўз илмий салоҳиятини муваффақиятли намоён қилиб келаётганликларини алоҳида таъкидлади. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган самарали сиёсатнинг маҳсулидир.
Хусусан, сўнгги йилларда республикамизда хотин-қизларни илм-фанга кенг жалб қилиш, фан-таълим ва иқтисодиётнинг турли тармоқ ва соҳаларида илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг инновацион ғоя ва рационализаторлик ишланмаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш учун илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида бажариладиган ташаббускор лойиҳалар натижалари бўйича иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг мавжуд муаммолари, реал эҳтиёжлари ҳамда ҳудудий муаммоларни ҳал этишга қаратилган илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва инновацион технологияларни яратиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан “Олима аёллар грантлари” танлови эълон қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон аёллари “Womentech”, “Techno girl” каби халқаро илмий лойиҳаларда фаол иштирок этиб келаётганлиги эътиборга лойиқ ҳолатдир. Негаки, аёл ва қизларни STEM фанларига кенгроқ жалб қилиш, уларнинг жаҳон илмий ҳамжамиятига қўшилиши ниҳоятда зарур ва долзарб масаладир.
Олималар ёш аёл-қизларни илмий-тадқиқот фаолиятига жалб этишнинг механизми, бугунги ҳолати, мавжуд муаммолар, истиқболлар ва мамлакатларининг бу борадаги тажрибалари хақида фикр юритди.
Халқаро анжуманнинг якуний рeзолюциясида ёш олима ва қизларни илмий тадқиқот фаолиятига жалб этишнинг илғор халқаро тажрибасини ўрганиш, мақбул шаклларини амалиётга жорий қилиш, илмий ютуқ ва натижаларни қўлга киритаётган ёш олималарнинг кўргазма ёки фестивалларини ташкил қилиши ва уларни рағбатлантириш, тадқиқотчилик фаолиятларини медиа маконда кенг ёритиб бориш, ёш олималарнинг халқаро илмий майдонда танилиши учун хорижий экспертлар билан виртуал учрашувлар ва форумлар ташкил қилиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.
Айни пайтда республикамизда аёл ва қизларга ўз билим ва салоҳиятларини намоён қилиш учун барча шарт-шароитлар мавжуд. Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш 2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида (69-мақсад) ҳам ўз аксини топган ва хотин-қизларнинг таълим олишига қўшимча шарт-шароитларни яратиш, илм-фан соҳасида аёлларнинг ўрнини янада оширишни мақсад қилиб белгилаган.
Зеро, Янги Ўзбекистон иқтисодиётининг юксалиши илм-фан ривожига боғлиқ. Бу ўз навбатида илм-фан соҳасида изланишлар олиб бораётган аёл ва қизлар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.
Ирода ШАМСИЕВА,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети доценти,
Тарих фанлари номзоди.
ЎзА