Оламни меҳрга тўлдирган аёл
Ангрен шаҳридаги “Афсона” тантаналар мажмуасида “Олмалик КМК” АЖ томонидан ўтказилган “Оламни меҳрга тўлдирган аёл” деб номланган тадбирда хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни, уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда Ангрен кон бошқармаси, Ангрен қувур заводи, “Шахтақурилиш” бошқармасида меҳнат қилаётган хотин-қизлар ҳамда комбинат таркибий бўлинмаларида фаолият юритиб келаётган хотин-қизлар масалалари бўйича комиссия раислари иштирок этди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон қаҳрамони, меҳнат фахрийси Сайдали Раҳманов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Маҳмуджон Парпиев, Маҳалла ва оила илмий тадқиқот институти директори ўринбосари, Олий Мажлис Сенати эксперт аъзоси Ойниса Мусурмонова ва ОКМК ходимлари Касаба уюшмаси Кенгаши раиси Абдурашид Ҳайдаров аёлларни байрам билан қутлади.
Бу олам меҳрига энг лойиқ киши ким дея гоҳида савол бўлади, Жаннат оналарнинг пойида бўлса, дунёнинг азизи аёл бўлади, дея Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Мирзо Карим ўз ижодига мансуб бўлган мисралар билан азиз ва мўътабар аёлларимизни мадҳ этиб, самимий муборакбод этди. Бир дастурхон атрофида ташкил этилган тадбирда “Шанс” бадиий рақс ансамбли раққоссалари ижросидаги жоизибали рақслар, “Идеал шоу” гуруҳи ижодкорларининг ажойиб тароналари барчага хушкайфият бағишлади.
Тадбир давомида комбинат ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши бош психологи Вилоят Давлетова сўз олиб, аёлнинг жамиятда тутган ўрни, оиладаги вазифаси ҳақида тўхталар экан, ҳар бир аёлнинг ўзига яраша юки, хизмати ва маъсулияти борлигини таъкидлади. Замонавий аёл бўлиш учун шахсий “мен” ни ривожлантириш долзарб масала эканлигини маълум қилди. Ишчи-ходимлар томонидан тайёрланган саҳна кўриниши олқишларга сазовор бўлди. Шунингдек, ОКМК ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши томонидан ташкил этилган байрам тадбирида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан аёлларга эсдалик совғалари туҳфа этилди.
ОКМК Ахборот хизмати, ЎзА