Олам нурга тўлсин сен билан, Наврўз!
Қарши шаҳридаги амфитеатрда ташкил этилган вилоятнинг Наврўз байрами ушбу бош ғоя асосида ўтди. Таъкидлаш лозимки, вилоят аҳли бу йилги байрам шодиёналарига ўзига хос тайёргарлик билан келишди.
Куни кеча мамлакатимиз бўйлаб “Обод ва файзли маҳалла - юрт кўрки” шиори остида ҳашарлар ташкил этилди. Ҳудудлар обод қилиниб, ниҳоллар экилди ҳамда кўкаламзорлаштирилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида бир ярим йил ичида вилоят бўйлаб 40 миллион тупга яқин мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди. Байрам арафасида вилоятда юзлаб иншоотлар фойдаланишга топширилди. Сўнгги бир йилда вилоятда аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 51 фоиздан 59 фоизга етказилди. Электр энергия таъминотини яхшилаш мақсадида 77 миллиард сўмлик қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилди. Йўллар обод қилиш учун бюджетдан 900 миллиард сўм маблағ сарфланди. “Инсон – манфаати барчасидан улуғ” ғояси асосида аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари қўллаб-қувватланмоқда. Ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган оилаларга 180 миллиард сўмлик турли кўринишдаги ёрдамлар кўрсатилди.
[gallery-16525]
Вилоят ҳокими Муротжон Азимов умумхалқ байрами билан барчани қутлар экан келгусида амалга оширилиши мўлжалланган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
– Вилоятда маҳаллий бюджетдан маблағ ажратган ҳолда “Хорижий тил билан IT га йўл” лойиҳаси йўлга қўйилди ва минглаб қашқадарёлик ёшларнинг ўқув марказларида инглиз тили ва IT соҳаси бўйича ўқиш харажатлари қоплаб берилади, – деди вилоят раҳбари. – “Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи” лойиҳаси бўйича ҳар бир шаҳар ва туманда ўқитиш манзилларини белгилаб олганмиз, у ерда 2 минг нафарга яқин йигит-қизлар Ёшлар жамғармаси ҳисобидан ўқитилади. 2024 йилда Қашқадарёда умумий қиймати бир миллиард долларлик хорижий инвестицияларни ўзлаштириш ҳисобига 36 та йирик ва аҳамиятли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда экспорт ҳажмини ҳам бир миллиард долларга етказишни режалаштирганмиз. Пировард натижада тадбиркорларимиз кўмагида жорий йил 550 минг нафар аҳолининг бандлигини таъминлаб, вилоятни ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришни мақсад қилганмиз.
Эл суйган санъаткорларнинг ватанни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари барчага хуш кайфият улашди. Шунингдек Алишер Навоий номли истироҳат боғи бўйлаб ташкил этилган миллий ҳунармандчилик кўргазмалари ҳам барчада илиқ таассурот қолдирди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари