ОКМКда корпоратив бошқарув тизими Халқаро экспертлар эътирофида
2026 йилнинг 27 июлидан 2 августига қадар «Олмалиқ кон-металлургия комбинати» АЖ Кузатув кенгашининг мустақил аъзолари Т. Чиканза ва А. Блумҳардт амалий ташриф билан комбинатда бўлишди.
Мазкур ташриф «Олмалиқ КМК» АЖда корпоратив бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда Жамият бошқарув тизимига илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг навбатдаги муҳим босқичи бўлди.
Ташриф дастури доирасида қатор ишчи учрашувлар, стратегик сессиялар ҳамда комбинат раҳбарияти билан музокаралар ўтказилди. Уларда йирик инвестиция лойиҳаларини самарали амалга ошириш, молиявий моделларни такомиллаштириш, Кузатув кенгаши фаолияти самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, халқаро ЭСГ тамойиллари ва илғор жаҳон амалиёти асосида корпоратив бошқарув тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, стратегик бошқарув сифатини ошириш масалалари ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Муҳокамалар давомида Кузатув кенгаши ва ижроия органининг ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш, ички назорат ва рискларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, корпоратив ҳисобот сифатини яхшилаш, шунингдек, қабул қилинаётган бошқарув қарорларининг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини янада кучайтириш механизмлари кўриб чиқилди.

Ишчи учрашувлар якунига кўра, Кузатув кенгашининг мустақил аъзолари томонидан корпоратив бошқарувни янада ривожлантириш, бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда Жамиятнинг стратегик ташаббусларини самарали амалга оширишга қаратилган амалий тавсиялар тақдим этилди.
Шунингдек, 2026 йилнинг иккинчи ярмида амалга оширилиши Жамиятнинг бошқарув тизимини янада мустаҳкамлаш, стратегик режалаштириш сифатини ошириш ва узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қиладиган устувор йўналишлар белгилаб олинди.
«Олмалиқ КМК» АЖда корпоратив бошқарув тизимининг юқори даражаси мустақил баҳолаш натижалари билан ҳам тасдиқланмоқда. Хусусан, 2025 йил якунлари бўйича «Wинвестмент Cонсулт» мустақил аудиторлик компанияси томонидан Жамиятнинг корпоратив бошқарув тизими комплекс баҳоланди.
Баҳолаш натижаларига кўра, «Олмалиқ КМК» АЖ 958 балл тўплади. Мазкур кўрсаткич Жамиятда корпоратив бошқарувнинг юқори даражада шаклланганини, бошқарув органлари фаолияти самарадорлигини, шаффофлик, масъулият ва ҳисобдорлик тамойилларига амал қилинаётганини, шунингдек, корпоратив бошқарувнинг замонавий талабларига мувофиқлик даражаси юқорилигини кўрсатади.
Бугунги кунда корпоратив бошқарув «Олмалиқ КМК» АЖнинг барқарор ва узоқ муддатли ривожланишини таъминловчи муҳим стратегик омиллардан бири ҳисобланади. Халқаро стандарт ва тамойилларни изчил жорий этиш, Кузатув кенгашининг мустақил аъзолари билан конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш, стратегик бошқарув механизмларини такомиллаштириш ва корпоратив жараёнларни мунтазам равишда ривожлантириб бориш Жамиятнинг келгуси тараққиёти учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Кенг кўламли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик салоҳиятни ошириш билан бир қаторда, «Олмалиқ КМК» АЖ корпоратив институтларни ҳам изчил мустаҳкамлаб бормоқда. Бу эса бошқарув самарадорлигини ошириш, инвестисион жозибадорликни юксалтириш, акциядорлар, инвесторлар, ҳамкорлар ва бошқа манфаатдор томонларнинг ишончини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этади.
Бундай комплекс ёндашув «Олмалиқ КМК» АЖга нафақат Ўзбекистон кон-металлургия саноатидаги етакчилик мавқеини мустаҳкамлаш, балки замонавий корпоратив бошқарув тамойилларига таянган ҳолда узоқ муддатли стратегик мақсадларга изчил ва ишончли равишда эришиш имконини беради.
Ш. Назарова,
«Олмалиқ КМК» АЖ корпоратив котибияти бошлиғи