ОКМК: “яшил” иқтисодиётга ўтиш самараси
Олмалиқ кон-металлургия комбинатида қайта тикланувчи муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш ҳамда энергия ресурсларни тежаш мақсадида самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Масалан, Саноат темир йўл транспорт бошқармасининг 3-сонли темир йўл цехи ҳудудидан ўтувчи “Таначи-Бўка” каналига ўрнатилган қуввати 30 кВт.соатни ташкил қилувчи гидротурбинали генераторда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси цех маиший-маъмурий биносининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини 60 фоизга таъминлайди.
Комбинат раҳбарияти ташаббуси билан ўрнатилган генератор сув оқими орқали электр токини ишлаб чиқаради. Электр энергияси ишлаб чиқариш жараёни қурилма гидротурбинаси паррагини сув оқими ҳаракатга келтириши билан бошланади. Ҳосил бўлган кинетик энергия редуктор орқали генераторга узатилади ҳамда генератор ёрдамида электр энергияси ҳосил бўлади. Ишлаб чиқилган электр энергияси фойдаланиш учун тармоққа узатилади.
Мазкур қурилманинг афзаллиги шундаки экологик жиҳатдан зарарсиз ва атмосферага зарарли чиқиндилар чиқмайди. Лойиҳанинг амалга ошириш натижасида электр энергияси бўйича харажатлар бир ойда 7,2 миллион сўм, бир йилда 86 миллион сўм миқдорида тежаб қолинади. Ушбу янгилик “яшил” иқтисодиётга ўтиш йўлидаги самарали ишларнинг амалдаги ифодаси, десак муболаға бўлмайди.
ОКМК Ахборот хизмати