ОКМК мураббийлари халқаро тоифадаги сертификатга эга бўлди
Пойтахтимизда Халқаро гандбол федерацияси, Осиё гандбол федерацияси ҳамда Ўзбекистон гандбол федерацияси ҳамкорлигида халқаро тоифадаги тренерлик сертификатини беришга қаратилган ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Мазкур нуфузли тадбирдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда гандбол спорт турини халқаро стандартлар асосида янада ривожлантириш, миллий тренерлар корпусининг касбий салоҳияти ва амалий кўникмаларини юксалтиришдан иборат бўлди.
Семинарда Ўзбекистон билан бир қаторда Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғиз Республикасидан келган тренер-мураббийлар иштирок этди. Бу эса Марказий Осиё давлатлари ўртасида спорт соҳасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашинувини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ўқув машғулотлари Халқаро гандбол федерацияси тавсиясига кўра жалб этилган малакали мутахассислар — баҳрайнлик доктор Набел Таха Ҳусейн Ал-Шехаб, Бирлашган Араб Амирликларидан Ибрахим Иса Муҳамед Сабир Ал-Амири ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Улуғбек Икромов томонидан олиб борилди.
Машғулотлар давомида иштирокчилар замонавий тренерлик ёндашувлари, халқаро методикалар, жисмоний ва тактик тайёргарлик, спорт психологияси ҳамда мусобақаларни бошқаришга оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлади.
Якуний имтиҳон синовларидан муваффақиятли ўтган мутахассисларга халқаро намунадаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.

Қувонарлиси, ушбу семинарда ОКМК гандбол клуби вакиллари ҳам муносиб иштирок этди.
Жумладан, эркаклар жамоаси бош мураббийи Ҳасан Қаюмов ҳамда ёшлар билан ишлаш бўйича мураббий Жасур Абдуллаев “С” даражадаги халқаро тренерлик сертификатига сазовор бўлди.
Мутахассисларнинг халқаро сертификатни қўлга киритиши клубда мураббийлар малакасини оширишга қаратилаётган эътибор самараси бўлиб, келгусида гандболчилар тайёргарлиги сифати ва жамоаларнинг рақобатбардошлигини янада юксалтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА